АҚШ ҳужум қилса, минтақадаги базаларга зарба берилади — Эрон

Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчининг маълум қилишича, агар АҚШ томонидан ҳарбий зарба амалга оширилса, Теҳрон жавоб чораси сифатида Форс кўрфази минтақасида жойлашган Америка ҳарбий объектларини нишонга олади.
Вазирнинг таъкидлашича, эҳтимолий қарши зарбалар қўшни давлатларга эмас, айнан АҚШга тегишли ҳарбий инфратузилмаларга қаратилган бўлади.
— Бизда Америка ҳудудига зарба бериш имконияти мавжуд эмас. Бироқ агар Вашингтон Эронга қарши ҳужум қилса, биз унинг минтақадаги ҳарбий базаларига зарба берамиз, — деди Аббос Ароқчи.
Маълумот ўрнида, 6 февраль куни Уммон пойтахти Маскат шаҳрида АҚШ ва Эрон делегациялари ўртасида музокаралар бўлиб ўтган. Учрашув давомида томонлар долзарб масалаларни муҳокама қилиб, мулоқотни кейинги босқичларда ҳам давом эттириш бўйича келишувга эришган. Шунингдек, музокараларда АҚШ Марказий қўмондонлиги вакили ҳам иштирок этгани қайд этилди.
Айни пайтда айрим таҳлилчилар фикрича, Вашингтон эҳтимолий кескин сценарийларга тайёргарлик ишларини ҳам давом эттирмоқда.
Шу билан бирга, Эрон расмийлари ядровий дастур билан боғлиқ масалани фақат музокаралар орқали ҳал этиш мумкинлигини яна бир бор таъкидлаб, уранни бойитиш даражаси мамлакатнинг ички эҳтиёжларидан келиб чиқиб белгиланишини маълум қилди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!