Еврокомиссия TikTok дизайнини танқид қилди: қарамликка ундаши айтилди

Европа комиссияси TikTok’нинг айрим дизайн ечимлари фойдаланувчини “узоқ ушлаб қолиш”га хизмат қилиб, қарамликка ўхшаш одатларни кучайтириши мумкин, деган дастлабки хулосасини эълон қилди. Комиссия позициясига кўра, бу ҳолат платформалардан хавфларни олдиндан баҳолаш ва камайтиришни талаб қиладиган қоидаларга зид бўлиб чиқиши эҳтимолдан холи эмас.
Комиссия айниқса бир нечта “механика”ларга урғу бермоқда: чексиз лента (қайта-қайта айлантираверадиган тасма), видеоларнинг автоматик қўйилиши, push-хабарномалар ҳамда юқори даражада шахсийлаштирилган тавсиялар. Уларнинг фикрича, айнан шу нарсалар одамни доим янги контентга “илиқтириб”, ўзини тўхтатишни қийинлаштиради — айниқса болалар ва ўсмирларда.
Хенна Вирккунен ҳам бу масалада позицияни қаттиқ айтган: ижтимоий тармоқларга боғланиб қолиш ўсиб келаётган онгга салбий таъсир қилиши мумкин, шунинг учун қоидалар қоғозда қолмаслиги, амалда ишлаши керак.
Энди нима бўлади? Дастлабки хулоса — ҳали “якуний ҳукм” эмас. Брюссель томони TikTok’ка жавоб бериш, ўз позициясини ҳимоя қилиш ва эҳтимол, хавфни камайтириш бўйича чораларни таклиф қилиш имконини беради. Лекин агар қоидалар бузилгани исботланса, компанияга катта жарималар таҳдиди пайдо бўлади ва энг муҳими — Комиссия платформадан айнан “асосий дизайн”ни ўзгартиришни талаб қилиши мумкин: масалан, чексиз айлантиришни босқичма-босқич чеклаш, танаффуслар механикасини кучайтириш ва шу каби ечимлар.
Қисқаси, бу ҳикоя “контент кўп” дегани эмас — “контентни қандай беряпмиз?” деган савол энди катта сиёсат даражасига чиқди. Ва бу тенденция кейинги йилларда фақат кучаяди: платформалар учун “фойдаланувчини ушлаб қолиш” эмас, “фойдаланувчини асраш” ҳам KPIга айланяпти.