Миллиардер Галитскийнинг собиқ рафиқаси қачон дафн этилиши маълум бўлди

Терговчи Москва яқинидаги вақтинча сақлаш ҳибсхонасида вафот этган Алия Галитскани дафн этишга рухсат берди. Бу ҳақда унинг адвокати Дмитрий Емеляновга таяниб, РИА Новости хабар берди.
Ҳимоячининг сўзларига кўра, мурдани ёриш ва суд-тиббий экспертизаси ўтказилгандан сўнг тергов ҳаракатлари тўлиқ якунланган. Дафн этиш учун рухсатнома аллақачон берилган, дафн маросими яқин кунларда бўлиб ўтиши керак.
Аёлнинг ҳалок бўлгани ўтган якшанба куни маълум бўлди. Аввал хабар қилинганидек, Алия Галитская 6 февраль куни Истра шаҳар суди уни собиқ турмуш ўртоғи - илгари Россия банкларидан бирининг директорлар кенгаши аъзоси бўлган Александр Галитскийдан 150 миллион доллар товламачиликда гумон қилиб ҳибсга олгандан сўнг ўз жонига қасд қилди.
Воқеадан сўнг Россия Тергов қўмитаси ўлим ҳолатларини текширишни бошлади. Ҳимоя томони эҳтиёт чорасини қайта кўриб чиқишни талаб қилган, Галитскаянинг ўзи эса айбланаётган жиноятга алоқадорлигини рад этган.
Ўтган йилнинг кузида у Москванинг Пресненский судига собиқ турмуш ўртоғи билан мулкни бўлишиш бўйича даъво аризаси билан мурожаат қилган. Суд жараёни доирасида суд жавобгарга тегишли бўлган Россиядаги кўчмас мулкка тақиқ қўйди. Объектларнинг кадастр қиймати 435 миллион рублни ташкил этди, даъвогар томоннинг баҳолашича, бозор нархи 1,2 миллиард рублдан ошиши мумкин эди.
Фуқаролик иши бўйича навбатдаги суд мажлиси 10 февралга белгиланди. Даъвогарнинг вафоти сабабли иш юритиш тўхтатилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!