Японияда Паркинсонни даволовчи ноёб дорига рухсат берилди.

Японияда Паркинсон касаллигини даволаш учун индукцияланган плюрипотент илдиз ҳужайралари асосида яратилган дори воситасидан фойдаланишга қисман рухсат берилди. Бу ҳақда Киото университети қошидаги iPS-ҳужайраларни тадқиқ этиш ва қўллаш институти маълум қилди.
Институт директори Дзюн Такахаси мазкур ютуқни тиббиёт соҳасидаги улкан қадам деб баҳолади. Унинг таъкидлашича, ушбу даволаш усули яқин вақт ичида ишончли стандартга айланиши учун барча имкониятлар сафарбар этилади.
Янги дори iPS-ҳужайраларидан етиштирилган асаб ҳужайраларини ўз ичига олади. Улар Паркинсон касаллигига чалинган бемор миясига трансплантация қилинади.
2024 йил апрель ойида ўтказилган клиник синовлар беморлар аҳволида ижобий ўзгаришлар кузатилганини кўрсатди. Мутахассислар натижаларни умидбахш деб баҳоламоқда.
Дорини ишлаб чиқарган Sumitomo Pharma компанияси уни Amshepuri савдо белгиси остида рўйхатдан ўтказиш учун ариза топширган. Ҳужжатлар тезлаштирилган тартибда кўриб чиқилди.
Шунингдек, худди шундай ҳужайралар асосида ишлаб чиқилган ишемик кардиомиопатияни даволовчи дори ҳам қисман маъқулланган. Хабарда таъкидланишича, ҳар икки дори воситаси ҳозирча дунёда ягона ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!