Мисрда 3400 йиллик лаънат матнлари топилди: қадимги мисрликлар душманларини қандай жазолаган?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Мисрнинг Луксор ҳудудидаги фиръавн Тутмос ИИИ ибодатхонаси яқинидан 3400 йил аввалги ғайриоддий лаънат маросимларига оид 40 га яқин папирус парчаси топилди.
- Копенгаген университети тадқиқотчилари аниқлашича, қадимги мисрликлар қуёш худоси Ра нинг душмани бўлган Апофис илонини рамзий равишда йўқ қилиш учун папирусларга ёзувлар тушириб, уларни тешган ва ёқиб юборган.
Мисрда археологлар қарийб 3400 йил аввалги ғайриоддий маросимларга оид папирус парчаларини топди. Уларда қадимги мисрликлар қуёш худоси Ра нинг ашаддий душмани ҳисобланган улкан илон Апофисга қарши қўллаган лаънат маросимларининг излари сақланиб қолган. Қизиғи, папируслар шунчаки ёзиб қўйилмаган: улар ўткир буюм билан тешилган ва ёқилган. Бу ҳақда Копенгаген университети тадқиқотчилари маълум қилди.
Топилмалар қадимги Фива шаҳри — ҳозирги Луксор ҳудудидаги фиръавн Тутмос III нинг дафн маросимлари ибодатхонаси яқинидан аниқланган. Археологлар ибодатхонанинг шимолий девори ташқарисида узунлиги тахминан 75 метр, эни эса 10–20 метр бўлган қадимий чиқинди уюмини ўрганган. Шу ердан 40 га яқин кичик папирус парчаси топилган.
Тадқиқотчилар уларнинг ташқи кўриниши, ёзувлари ва шикастланиш изларини ўрганиб, парчалар қадимги Мисрда ўтказилган «Апофисни мағлуб этиш» маросимига тегишли эканини аниқлаган.
Қадимги мисрликлар илонни нега лаънатлаган?
Қадимги Миср мифологиясига кўра, Апофис тартибсизлик ва вайронкорлик тимсоли бўлган улкан илон ҳисобланган. Ривоятларга кўра, у ҳар кеча ерости оламидан ўтаётган қуёш худоси Ра га ҳужум қилиб, унинг йўлини тўсишга уринган. Мисрликлар Ра нинг ғалабаси қуёшнинг ҳар тонг қайта чиқишини таъминлайди, деб ишонган.
Шу сабабли руҳонийлар Апофисни рамзий равишда йўқ қилишга қаратилган махсус маросимларни бажарган. Бунинг учун илоннинг тасвири ва номи папирусга туширилган, сўнг унга ўткир буюм санчилган ва қоғоз ёқиб юборилган. Айрим маросимларда тасвирлар оёқ ости қилинган ёки мумдан ясалган шакллар ҳам йўқ қилинган.
Папируслар қандай тайёрланган?
Олимларнинг эътиборини тортган жиҳатлардан бири — топилган парчалар бир хил усулда тайёрланганидир. Улардаги тасвир ва ёзувлар қизил сиёҳда, папируснинг фақат бир томонига туширилган. Айрим намуналарда қизил чизиқлар билан ажратилган тўртбурчак шакллар ҳам кўринади.
Тадқиқотчилар бу белгилар дастлаб катта папирус варағи бир нечта тенг қисмларга бўлинганини, ҳар бир қисмга алоҳида тасвир ва ёзув туширилганини кўрсатади, деб ҳисоблайди. Кейинчалик варақ майда бўлакларга кесилган. Демак, маросим учун керакли буюмлар бир вақтнинг ўзида кўп миқдорда тайёрланган бўлиши мумкин.
Топилган намуналардаги тешилиш ва куйиш излари эса папируслар шунчаки ёзув ёки расм сифатида сақланмаганини, балки маросимда амалда ишлатилганини кўрсатади.
Лаънат маросимлари фақат илонга қарши бўлмаган
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, Апофисга қарши маросимлар кейинчалик бошқа мақсадларда ҳам қўлланган. Жумладан, фиръавннинг душманлари, муайян кишиларнинг рақиблари, касалликлар ва хавфли табиий ҳодисаларга қарши ҳам шундай рамзий амаллар бажарилган.
Олимлар учун бу топилманинг аҳамияти шундаки, аввал Апофисга қарши маросимлар асосан қадимги ёзма манбалардан маълум эди. Янги папируслар эса бундай маросимлар ҳақиқатан ҳам бажарилганини тасдиқловчи энг қадимги бевосита моддий далиллардан бири ҳисобланади. Улар қадимги мисрликларнинг диний қарашлари ва кундалик ҳаётидаги сеҳрли маросимлар ҳақида янги маълумотлар беради.
Кейинги янгилик

Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…