Аляска яқинида Россия самолётлари кузатилди: АҚШ қандай реакция берди?

Аляска қирғоқлари яқинида Россиянинг бир нечта ҳарбий самолётлари аниқланиб, кузатувга олинди. Бу ҳақда NORAD расмий баёнот берган. Ҳодиса 2026 йил 19 февраль куни АҚШнинг Ҳаво ҳужумидан мудофаа идентификация зонаси (ADIZ) атрофида қайд этилгани айтилмоқда.
Қўмондонлик маълумотига кўра, назорат иккита Ту-95, иккита Су-35 ва битта А-50 самолётига нисбатан олиб борилган. Жавоб чораси сифатида америкаликлар ҳавога иккита F-16, иккита F-35, битта E-3 ҳамда тўртта KC-135 ёқилғи қуйиш самолётини кўтарган — мақсад самолётларни аниқ идентификация қилиш, тўсиб олиш ва кузатиб бориш бўлган.
Шу билан бирга, NORAD бу вазиятни “ҳужум” деб баҳоламаган: Россия бортлари халқаро ҳаво ҳудудида қолгани, Канада ёки АҚШнинг суверен ҳаво ҳудудига кирмагани таъкидланган. Қўмондонлик “бундай парвозлар Аляска ADIZ ҳудудида мунтазам кузатилади ва таҳдид сифатида кўрилмайди”, деб қўшимча қилган.
Бу орада яна бир қизиқ детал ҳам тарқалди: 2026 йил 20 февраль куни эрталаб Boeing’нинг Boeing 787-8 Dreamliner самолёти Россия осмони орқали ҳаракатлангани ҳақида трекинг хизматлари маълумотлари пайдо бўлди. Хабарларга кўра, у Вашингтон атрофидаги Joint Base Andrews'дан кўтарилиб, Гренландия, Норвегия ва Финляндия йўналиши орқали ўтиб, Россия ҳудудида — хусусан, Мурманск вилояти томонларда кўринган, кейин эса Қозоғистон ҳаво ҳудудига чиққан.
Қисқаси, осмондаги “кўз-қулоқ” режими яна ишлаган: бир томонда навбатдаги ADIZ эпизоди, иккинчи томонда эса йўналиши қизиқ рейс. Ҳозирча расмийлар нуқтаи назаридан вазият кескинлашув белгиси сифатида эмас, одатий кузатув-идентификация жараёни сифатида кўриляпти.