Қуёш юзаси доғлардан тозаланди: фаоллик қисқа танаффусда...

22 февраль, якшанба куни Россия ФА Космик тадқиқотлар институти ҳузуридаги Қуёш астрономияси лабораторияси олимлари Қуёшнинг кўринадиган қисмида қуёш доғлари бутунлай йўқолганини расман тасдиқлади. Ҳозир Қуёш юзаси гўё янги ювиб чиққан ойнадек “мутлақо тоза” кўринишга келган.
Эътиборли томони, суткалик қуёш доғлари индекси нол даражага тушган. Қолаверса, чақнашлар фаоллиги ҳам 2024 йилдан бери илк бор тўлиқ тўхтагани қайд этилган. Яъни, Қуёш бирозга “пауза” босгандек: ҳеч қандай доғ, ҳеч қандай чақнаш — тиним.
Лекин мутахассислар шошилмасликни сўрамоқда. Улар бу ҳолатни глобал минимал босқич бошланди, деб талқин қилиш тўғри эмаслигини таъкидлайди. Ер ҳозир Қуёш фаоллигининг 25-навбатдаги 11 йиллик цикли чўққисидан кейин кузатиладиган қисқа тинчланиш даврига кирган, холос.
Олимларнинг изоҳича, бундай “тинч кунлар” ҳатто Қуёш фаол бўлган фазаларда ҳам учраб туради. Сабаби жуда оддий: эски доғлар Қуёш дискининг чет қисми ортига айланиб кетади, янги доғлар гуруҳлари эса ҳали пайдо бўлишга улгурмайди. Натижада, бир муддат Қуёш “содда” кўринишда қолади.
Лаборатория вакилларидан бири Сергей Богачёвнинг айтишича, бу вақтинчалик ҳолат. Фаоллик бир неча кун ёки ҳатто бир неча ҳафта ичида яна тикланиши мумкин.
Мутахассислар фикрича, бундай қисқа танаффус одамлар учун ҳатто фойдали тарафларга эга. Геомагнит бўронлар камаяди, алоқа тизимларида узилишлар эҳтимоли пасаяди, сунъий йўлдошлар ҳамда энергия тармоқлари учун хавф нисбатан паст бўлади. Қисқаси, осмондаги “катта генератор” бирозга сокинлашса, Ердаги техника ҳам нафас ростлайди.
Маълумот учун, Қуёш доғлари, чақнашлар ва магнит бўронлари маълум даврийликда кучайиб-пасайиб туради. Шу даврий ўзгаришлар “қуёш цикли” деб аталади ва тўлиқ цикл ўртача 11 йил давом этади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!