Роналду Pro2col соғлиқ платформасига 7,5 миллион доллар сармоя киритди

Маълум қилинишича, Herbalife расман эълон қилган хабарга кўра, Роналду HBL Pro2col Software, LLC (Pro2col технологиясига эгалик қилувчи тузилма)да 10 фоиз улушни қўлга киритган. Бунинг учун у 7,5 миллион доллар сармоя киритган, шунингдек, лойиҳага хизматлар ва ҳомийлик ҳуқуқларини ҳам қўшиб беришга мажбурият олган.
Pro2col’нинг асосий ғояси оддий: ҳар кимга “битта стандарт” эмас, балки шахсий саломатлик режаси. Платформа фойдаланувчининг кундалик одатлари ва овқатланиш маълумотларига таяниб, индивидуал wellness-режа тузади, “ақлли” трекинг орқали унинг бажарилишини кузатади. Яна бир муҳим жиҳат — Pro2Score деб аталган махсус баҳолаш тизими орқали инсоннинг умумий ҳолати бўйича натижаларни тушунарли қилиб беради.
Роналдунинг ўзи ҳам бу ишни “табиий давом” деб атаган: у Herbalife билан 2013 йилдан бери ҳамкор, энди эса фақат рекламада эмас, “ичкаридан” ҳам қатнашмоқчи. Яъни — бренд юзи бўлибгина қолмай, платформа ўсишига ҳам таъсир қилиш нияти бор.
Яна бир қизиқ нюанс: Herbalife Pro2col’ни босқичма-босқич бета тарзда ишга туширяпти. Ҳозирча хизматга кириш АҚШ, Канада ва Пуэрто-Рикодаги дистрибьюторлар ҳамда мижозлар учун очиқ. Компания 2026 йилда бета қамровини бошқа бозорларга, жумладан, айрим EMEA ҳудудларига ҳам кенгайтиришни режалаштирган.
Қисқаси, Роналду “мен бу ерда бахтлиман” деганда фақат майдонни эмас, технологияни ҳам назарда тутганга ўхшайди: футболда рекорд қувиш — одат, энди соғлом ҳаётда ҳам рекорд қувиш бошланяпти.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!