Эрон Баҳрайндаги Исроил элчихонасига ракета зарбалари берди

Яқин Шарқдаги ҳарбий қарама-қаршиликлар янги босқичга кўтарилди. Эрон бир вақтнинг ўзида бир нечта давлат ҳудудидаги стратегик объектларга дрон ва ракеталар ёрдамида зарбалар беришни бошлади. Хусусан, Баҳрайн пойтахти Манамадаги "Financial Harbour Towers" мажмуасига ҳужум уюштирилди. Маълумотларга кўра, ушбу бинода Исроил элчихонаси жойлашган бўлиб, ҳужум қилувчи дронлардан бири нишонга етмасдан йўқ қилинган.
Шу билан бирга, Саудия Арабистони мудофаа тизимлари Ал-Харж вилояти ва Ар-Риёд атрофида бир нечта қанотли ракета ҳамда дронларни уриб туширди. Қатарда ҳам вазият жиддий тус олган. Ал-Удайд ҳарбий базасига қаратилган ҳужум ҳаво мудофаа кучлари томонидан бартараф этилган. АҚШ ҳарбий объектлари жойлашган ушбу ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилиб, Доха аҳолисига уйдан чиқмаслик ва очиқ жойлардан узоқроқ юриш бўйича огоҳлантириш берилди.
Минтақадаги уруш кўлами кенгайиб, Туркия ва Озарбайжон каби давлатларга ҳам таъсир кўрсата бошлади. Ушбу воқеалар фонида Европа Иттифоқи раҳбарлари Брюсселда фавқулодда йиғилиш ўтказди. Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича вакили Кая Каллас ва бошқа етакчилар Форс кўрфази ҳамкорлик кенгаши вакиллари билан музокаралар олиб бориб, Эроннинг ҳаракатларини кескин қоралади ва минтақа давлатларини қўллаб-қувватлашини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!