Яқин Шарқдаги вазият нефть нархига таъсир қилмоқда

Жаҳон бозорида энергия ресурслари нархи яна кўтарила бошлади. Хусусан, Brent маркали нефтнинг бир баррели 87 доллардан ошиб кетди. Бу 2024 йил июль ойидан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Лондон биржаси маълумотларига кўра, ҳафта бошидан бери нефть нархи қарийб 18 фоизга қимматлашган.
Нархларнинг бундай тез суръатда ўсишига Яқин Шарқдаги ҳарбий зиддиятлар сабаб бўлмоқда. АҚШ ва Исроилнинг Эрон ҳудудига берган зарбалари ҳамда бунга жавобан Теҳроннинг минтақадаги объектларга ҳужумлари вазиятни мураккаблаштирди. Айниқса, Эроннинг дунё нефть савдосида стратегик аҳамиятга эга бўлган Ҳурмуз бўғозини назоратга олгани хавотирларни кучайтирмоқда.
Таҳлилчиларнинг фикрича, агар мазкур денгиз йўлагидаги вазият барқарорлашмаса, нефть нархи 100 долларлик чегарадан ҳам ошиб кетиши мумкин. Шунга қарамай, Goldman Sachs банки иккинчи чорак учун ўртача нарх 76 доллар атрофида бўлишини прогноз қилмоқда. Минтақадаги беқарорлик фонида Россиянинг Urals маркали нефть нархи ҳам кўтарилиб, 49 доллардан ошди.
Мутахассислар Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар давом этса, глобал энергетика бозорида нархлар янада ўзгариши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ҳозирча инвесторлар вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бормоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!