Яқин Шарқдаги уруш нефть бозорини ларзага солди

Баҳрайннинг энг йирик энергетика компанияси ҳисобланган Bahrain Petroleum Company 9 март куни форс-мажор ҳолати юзага келгани сабабли нефть маҳсулотлари экспортини вақтинча тўхтатди. Бунга Ал-Мамир ҳудудидаги нефтни қайта ишлаш заводида содир бўлган йирик ёнғин сабаб бўлди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда завод ҳудудидан кўтарилаётган қора тутун устунларини кўриш мумкин. Компания расмий баёнотида ушбу ҳодиса минтақадаги давом этаётган ҳарбий можаролар ва инфратузилмага қилинган ҳужумлар билан боғлиқлиги таъкидланган. Ҳозирги вақтда завод ички бозор эҳтиёжларини қондиришга қаратилган бўлиб, етказилган зарар кўлами мутахассислар томонидан ўрганилмоқда.
Маҳаллий расмийлар ёнғинга Эрон томонидан амалга оширилган навбатдаги ракета зарбалари сабаб бўлганини маълум қилишди. Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта QatarEnergy компанияси ҳам ўз ишлаб чиқариш объектларига қилинган ҳужумлар туфайли шунга ўхшаш чорани қўллашга мажбур бўлган эди. Қатар энергетика вазирлиги агар АҚШ ва Исроил Эрон билан урушни тўхтатмаса, Форс кўрфази давлатлари нефть экспортини бутунлай тўхтатиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Минтақадаги вазият 28 февраль куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳарбий ҳаракатлари бошланиши билан кескинлашди. Эрон бунга жавобан минтақадаги Америка ҳарбий базалари ва муҳим энергетика объектларига дрон ҳамда ракеталар билан зарба бермоқда. Шунингдек, Эрон дунёдаги нефть ташишнинг асосий йўлаги ҳисобланган Ҳўрмуз бўғозини ёпиб қўйди. Ушбу омиллар таъсирида жаҳон бозорида нефть нархи кескин кўтарилиб, 9 март куни Осиё биржаларида бир баррель нефть қиймати 120 долларга яқинлашди. Бу кўрсаткич 2022 йилдан буён кузатилмаган рекорд даража ҳисобланади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!