Украина Брянскдаги муҳим ҳарбий заводга зарба берди

Украина мудофаа кучлари 10 март куни кечқурун Россиянинг Брянск шаҳрига ракета зарбасини берди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маълум қилди. Бу ҳақда tengrinews.kz хабар беради.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, ҳужум натижасида Россия арсеналидаги барча турдаги ракеталар учун бошқарув тизимларини ишлаб чиқарувчи завод нишонга олинган. Президент Украина Қуролли кучларини ушбу муваффақиятли амалиёт билан табриклаб, уларга миннатдорчилик билдирди.
Ижтимоий тармоқларда зарба оқибатлари акс этган видеолар тарқалмоқда. Кадрларда завод ҳудудидан кўтарилаётган улкан тутун устунини кўриш мумкин.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Брянскдаги "Кремний Эл" микроэлектроника заводига Storm Shadow қанотли ракеталари ёрдамида зарба берилган. Ушбу корхона Россиянинг юқори аниқликдаги қуроллари, хусусан, "Искандер" ракеталари учун муҳим бўлган яримўтказгичлар ва микросхемалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Ўз навбатида, Брянск вилояти губернатори Александр Богомаз ракета ҳужуми оқибатида 6 киши ҳалок бўлгани ва 37 киши жароҳатланганини маълум қилди. Жабрланганларнинг баъзилари оғир аҳволда шифохонага ётқизилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!