date

Трамп маъмурияти ҳисоб-китобда адашди: Ҳурмуз хавфи кескин кучайди

Трамп маъмурияти ҳисоб-китобда адашди: Ҳурмуз хавфи кескин кучайди

Эронга зарбалардан олдин Трамп маъмуриятида вазият глобал энергетика бозорини қаттиқ силкитмайди, деган қараш устун бўлгани айтилмоқда. The New York Times таҳлилида бу ҳолат “барчаси назоратда” деган хато тасаввурни кучайтиргани қайд этилади.

Манбаларда келтирилишича, Оқ уйдаги айрим ҳисоб-китоблар нефть нархи фақат қисқа муддатга сакрайди, кейин яна пасаяди, деган фикрга суянган. Шунингдек, Эрон аввалги кескинликларда бўлгани каби чекланган жавоб билан кифояланади, деган тахмин ҳам бор бўлган. Бу кайфият эса каттароқ хавфларни — айниқса энергетика таъминоти ва инфратузилмалар билан боғлиқ таҳдидларни — етарлича чуқур баҳоламасликка олиб келгани таъкидланади.

Энг оғир нуқта эса денгиз йўллари. Таҳлилларда Эрон кемалар ҳаракатига тўсқинлик қилиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришлар жиддий қабул қилинмагани айтиляпти. Гап Ҳурмуз бўғози ҳақида кетмоқда — у ердан жаҳон нефти ва ёқилғининг улкан қисми ўтади. Reuters ва бошқа таҳлилларда бу бўғоз орқали глобал нефть оқимининг 20% атрофи ҳаракатланиши таъкидланади, шунинг учун у ердаги ҳар қандай тўсиқ нархлар ва таъминот занжирига дарров зарба беради.

Оқ уйдаги айрим амалдорлар Эрон ўз иқтисодиётига ҳам оғир зарар келтирадиган йирик инқирозни атайлаб “ёқиб юбормайди”, деган қарашда бўлгани айтилади. Лекин кузатувчиларга кўра, ана шу нуқтада бир муҳим жиҳат етарлича ҳисобга олинмаган: Теҳрон стратегик энергетика йўлларини айнан босим воситаси сифатида ишлатиши мумкин. Бу нафақат нефть, балки дизел ва логистика бозорида ҳам ҳассосликни оширади — Reuters дизел таъминоти ва нархларидаги силжишлар глобал иқтисодий секинлашув хавфини кучайтириши мумкинлигини ёзган.

Натижада қарорлар кўпроқ қисқа муддатли сиёсий ва ҳарбий мантиққа таяниб қабул қилинган, дейилади таҳлилларда. Аммо воқеалар бошқача томонга оғиши билан муаммо “маҳаллий тўқнашув” даражасидан чиқиб, каттароқ иқтисодий титроққа айланиш эҳтимоли пайдо бўлади. Бу фонда нефть-газ ташиш харажатлари кескин ошгани, айрим маршрутларда танкер нархлари рекордларга чиққанини Reuters қайд этган.

Қисқаси, таҳлилчиларнинг хавотири битта: энергетика таваккалчилигини нотўғри баҳолаш минтақавий можаронинг динамикасини ўзгартириб юбориши ва унинг жаҳон иқтисодиётига таъсирини янада оғирлаштириши мумкин. Ҳурмуз атрофидаги ҳар бир сигнал — бу фақат геосиёсат эмас, балки бензин, логистика, нарх-наво ва оддий одамларнинг ҳамёнигача бориб етадиган “катта тугма”.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Трамп маъмурияти ҳисоб-китобда адашди: Ҳурмуз хавфи кескин кучайди