Трамп: Эронда камикадзе денгиз дронлари йўқ

АҚШ президенти Доналд Трамп Эрон ихтиёрида камикадзе туридаги денгиз дронлари мавжудлиги ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Унинг таъкидлашича, бу каби қурилмалар ҳақида тарқалаётган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди ва улар, эҳтимол, сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган сохта материаллар бўлиши мумкин.
Доналд Трамп бу ҳақда шундай деди: «Камикадзе денгиз дронлари мавжуд эмас — улар ҳақиқий эмас, сунъий интеллект орқали яратилган. Агар бундай қурилмалар ҳақиқатан ҳам бўлганида, биз уларни бошқа кемалар каби йўқ қилган бўлар эдик. Шу сабабли ҳам уларни ҳеч ким кўрмаган».
АҚШ раҳбарига кўра, Эронга тегишли камикадзе денгиз дронлари ҳақидаги хабарлар ҳозирча ишончли далиллар билан тасдиқланмаган. У бу каби маълумотларга эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарурлигини ҳам таъкидлади.