Тангсири: Тинчлик учун АҚШ базалари Форс кўрфазидан кетиши керак

Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) Ҳарбий-денгиз кучлари қўмондони Алиреза Тангсири Яқин Шарқда барқарор тинчликка эришиш масаласи ҳақида баёнот берди. Унинг фикрича, минтақадаги асосий муаммолардан бири — АҚШнинг Форс кўрфази атрофидаги давлатларда жойлашган ҳарбий базалари ҳисобланади.
Алиреза Тангсири таъкидлашича, агар ҳақиқатан ҳам Яқин Шарқда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш исталса, АҚШ ҳарбий кучлари Форс кўрфази мамлакатлари ҳудудидан чиқиб кетиши лозим. Унинг сўзларига кўра, ташқи кучларнинг минтақадаги ҳарбий иштироки вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
ИИҚК вакили шунингдек, Эрон бир неча бор Форс кўрфази давлатларини АҚШнинг геосиёсий манфаатлари ҳақида огоҳлантирганини ҳам айтди. Унинг таъкидлашича, Вашингтон ўз мақсадларига эришиш йўлида айрим минтақавий давлатларни қурбон қилишдан ҳам қайтмаслиги мумкин.
Алиреза Тангсири яна бир муҳим масалага ҳам тўхталиб ўтди. Унинг айтишича, Эрон олий раҳбари Али Хоминаий эҳтимолий ҳужумлар бўйича ҳарбий ҳаракатлар режасини олдиндан тасдиқлаб қўйган. Яъни, агар АҚШ ёки Исроил томонидан ҳужум содир этилса, Эроннинг жавоб чоралари учун аниқ режа мавжуд.
Бундан ташқари, ИИҚК қўмондони Вашингтоннинг стратегик ҳисоб-китобларига ҳам танқидий муносабат билдирди. Унинг фикрича, АҚШ Эронга қарши ҳарбий операция қисқа муддатли бўлади ва бу ҳолат Яқин Шарқдаги умумий вазиятга катта таъсир кўрсатмайди, деб ҳисоблаган. Бироқ Тангсирининг таъкидлашича, бу каби қарашлар нотўғри ва вазиятни тўлиқ англамаслик натижаси ҳисобланади.
Эрон расмийсига кўра, минтақада юзага келаётган ҳар қандай можаро бутун Яқин Шарқ хавфсизлигига таъсир кўрсатиши мумкин. Шу сабабли ташқи кучларнинг ҳарбий иштироки камайтирилиши ва минтақавий муаммоларни маҳаллий давлатлар ўзаро мулоқот орқали ҳал қилиши муҳим аҳамиятга эга.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!