date

Украина Яқин Шарқ мамлакатларига 201 нафар ҳарбий экспертларни юборди

Украина Яқин Шарқ мамлакатларига 201 нафар ҳарбий экспертларни юборди

Фото: Jonathan Brady/AP Photo/picture alliance

Украина президенти Володимир Зеленский 17 март, сешанба куни Буюк Британия парламентидаги нутқи чоғида, ҳозирда Яқин Шарқ давлатларида 201 нафар украиналик ҳарбий мутахассис фаолият юритаяпти, яна 34 нафари эса “жойлаштиришга тайёр” эканини маълум қилди.

Зеленский таъкидлаганидек, гап Россия Украинага мунтазам ҳужум қилаётган Shahed туридаги дронлардан ҳимоя қилишни биладиган профессионал ҳарбийлар ҳақида кетмоқда.

“Бизнинг гуруҳларимиз аллақачон БАА, Қатар ва Саудия Арабистонида фаолият юритмоқда, шунингдек Кувайтга ҳам йўл олмоқда. Бошқа давлатлар билан ҳам ҳамкорлик аллақачон бошланган. Биз Эроннинг минтақада таҳдидини давом эттиришини истамаймиз”, — деди у.

Президент шу билан бирга экспертларни юбориш ҳақидаги қарор Украинанинг халқаро шериклари, жумладан АҚШнинг сўровига биноан қабул қилинганини қайд қилди.

Шунингдек, Зеленский Яқин Шарқдаги низо фонида иттифоқчилар Украинани унутмаслиги лозимлигини таъкидлади ва Россия билан Эрон режимлари ўртасидаги ҳамкорлик яратаётган таҳдидлар ҳақида огоҳлантирди.

“Россия ва Эрондаги режимлар — нафрат асосида бир-бирига боғланган, қурол воситаларида ҳам ҳамоҳанг. Биз эса нафратга асосланган режимлар ғалаба қозонмаслигини кўрсатишни мақсад қилганмиз”, — деди Зеленский.

Кир Стармер эса ўз навбатида Эрондаги урушнинг Украинадаги низони эътибордан четлаштиришига йўл қўймаслигини ваъда қилди.

Лондонда бўлиб ўтган музокаралар якунларига кўра, Зеленский ва Стармер хавфсизлик ва мудофаа соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган декларацияни имзолади. Декларацияда давлатлар қўшма мудофаа-саноат ва технология экотизимини ривожлантириш, ишлаб чиқариш линияларини ташкил этиш, илмий тадқиқот ва инновацияларни амалга ошириш, мудофаа маҳсулотлари таъминоти занжирини интеграция қилиш ва саноат шерикликларини мустаҳкамлаш каби йўналишларда фаолият олиб бориши назарда тутилган.

Буюк Британия ҳукумати пресс-релизида таъкидлаганидек, бу ҳамкорлик Украина нафақат ўз ҳудудини агрессиядан муҳофаза қилаётган давлат, балки шериклар хавфсизлиги ва Европанинг умумий мудофаасини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиб келаётганини кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Украина Яқин Шарқ мамлакатларига 201 нафар ҳарбий экспертларни юборди