Колумбияда ҳарбий C-130 самолёти ҳалокатга учради

Daniel Ortiz / AFP via Getty Image
Колумбияда Lockheed C-130 Hercules русумли ҳарбий-транспорт самолёти ҳалокатга учради, у Миллий армия хизматчилари ва экипаж аъзолари билан хизмат вазифасини бажарган. Ҳодиса Путумайо регионининг Пуэрто-Легисамо муниципалитетида содир бўлган: самолёт аэропортдан икки километр масофада ҳавога кўтарилгандан сўнг қулаб тушди.
Мамлакат ҳарбий-ҳаво кучлари бошлиғи Карлос Фернандо Силва Руэданинг маълум қилишича, бортда жами 114 йўловчи ва экипажнинг 11 аъзоси бор эди. Қидирув-қутқарув ишлари шиддат билан олиб борилмоқда, ҳозирга қадар 48 киши омон қолган, қолганларнинг тақдири номаълум.
Колумбия президенти Густаво Петро ижтимоий тармоқда 77 нафар жабрланувчи шифохонага олиб келинганини, 43 киши ҳали топилмаганини маълум қилди. Путумайо губернатори камида 34 киши ҳалок бўлганини билдирган, AFP агентлиги эса қурбонлар сони 66 кишига етганини хабар қилган: уларнинг 58 нафари аскарлар, 6 нафари ҳарбий-ҳаво кучлари аъзолари ва 2 нафари полициячилардан иборат.
Пуэрто-Легисамодаги Колумбия ҳарбий-денгиз флоти базаси тезда воқеа жойига етиб бориб, жабрланганларга тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлди. El Heraldo нашри қайд этишича, самолёт АҚШ томонидан Колумбияга совға қилинган ва 2020 йилда мамлакатга олиб келинган.
Ҳозирда ҳодиса сабаблари аниқланмоқда, қутқарув ишлари ва таҳлиллар давом эттирилмоқда, мамлакат аҳолиси ва ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш учун тегишли чоралар кўрилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!