date

АҚШ Эронга қарши қуруқлик операцияси ўтказмоқчи ва эҳтимолий хавфлар

АҚШ Эронга қарши қуруқлик операцияси ўтказмоқчи ва эҳтимолий хавфлар

Фото: Reuters

Пентагон Эрондаги эҳтимолий қуруқлик амалиётлари учун бир неча ҳафтадан икки ойгача давом этадиган тайёргарлик ишларини бошлади, деб хабар бермоқда The Washington Post, манбаларга таяниб.

Нашр маълумотларига кўра, Пентагон ҳозирда кўриб чиқаётган сценарийлардан ҳеч бири кенг кўламли босқинни назарда тутмайди. Тайёргарлик ишлари асосан Ҳўрмуз бўғози соҳилида савдо ва ҳарбий кемаларни йўқ қиладиган қуроллар объектларига нисбатан маҳдуд рейдларни, шунингдек Эрон нефтининг асосий экспорт маркази бўлган Харқ оролини босиб олишни ўз ичига олади. Бунда махсус кучлар ва оддий пиёдалар фаолият кўрсатади.

Нашр қайд этади, ҳар қандай қуруқлик миссияси АҚШ ҳарбийларини хавф остига қўйиши мумкин: улар ракета ва дрон ҳужумлари, қуролли қўлбола портловчи қурилмалар ва заминдан отилган ўқотишлар орқали содир этилиши мумкин бўлган хавфларга дуч келади.

Ҳозирча Доналд Трамп қуруқлик кампаниясини маъқуллагани ёки йўқлиги расман маълум эмас. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт The Washington Post мухбирига суҳбатда Пентагоннинг вазифаси ҳар қандай сценарий учун тайёргарлик кўриш ва «бош қўмондонга ҳаракатларда максимал эркинлик тақдим этиш» эканлигини таъкидлади. У президентнинг бу операция бўйича қарор қабул қилганини тасдиқламаган.

Манбалардан бири, мақсадларга эришиш учун «ойлар эмас, балки бир неча ҳафта етарли бўлиши» мумкинлигини айтди. Бошқа манба эса амалиёт «бир неча ойга чўзилиши» мумкинлигини таъкидлади.

Сенатор Линдси Грэм ўз баёнотида: «Биз Иводзимада ғолиб чиққанмиз, буни ҳам уддалай оламиз. Мен ҳар доим денгиз пиёдаларининг қобилиятига ишонаман», – деб билдирди.

Шу вақтда ижтимоий тармоқларда АҚШ Денгиз пиёдалари корпуси заҳира кучлари қўмондони генерал-лейтенант Леонард Ф. Андерсоннинг хати тарқалди. Ҳақиқийлиги тасдиқланмаган бу мурожаатда қўмондон заҳирадагиларни жанговар тайёргарлик ҳолатини текширишга чақириб, буни «ҳозирги кунда мамлакат қуролли кучлари Эрон билан боғлиқ амалиётларда қатнашиши ва умумий сафарбарлик реалликка айланиши мумкинлиги» билан изоҳлади.

Америка нашрларида бир неча кундан бери Эронда қуруқлик амалиётига тайёргарлик кўрилаётгани муҳокама қилинмоқда. Расман ҳеч қандай маълумот берилмаган. 20 март куни АҚШ президенти Доналд Трамп «ҳеч қаерга қўшин юбормаслигини» билдирган эди.

Ҳозирда Яқин Шарққа етиб келган АҚШ ҳарбий кемалари 4 мингдан ортиқ денгиз пиёдаларини сиғдира олади. Шунингдек, 82-ҳаво десант дивизияси аскарлари жанговар тайёргарликда турибди.

Эҳтимолий қуруқлик операцияси америка аҳолиси томонидан қўллаб-қувватланмаслиги мумкин. Associated Press томонидан яқинда ўтказилган сўровда иштирокчиларнинг 62 фоизи Эронда қуролли кучларни қўллашга қарши, фақат 12 фоизи бундай режани маъқуллаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » АҚШ Эронга қарши қуруқлик операцияси ўтказмоқчи ва эҳтимолий хавфлар