date

Италиядаги музейдан машҳур рассомларнинг асарлари ўғирлаб кетилди

Италиядаги музейдан машҳур рассомларнинг асарлари ўғирлаб кетилди

Парма яқинидаги хусусий Маняни-Рокка музейидан бир неча машҳур импрессионист рассомларнинг қимматбаҳо асарлари ўғирлаб кетилди. Полиция вакили 29 март, якшанба куни итальян оммавий ахборот воситалари тарқатган хабарни AFP агентлигига тасдиқлади. Махсус манбаларга кўра, бу ҳодиса бир ҳафта аввал — 22 мартдан 23 мартга ўтар кечаси содир этилган.

Ўғирланган асарлар орасида Пер-Огюст Ренуарнинг кечки даврга мансуб “Балиқлар” асари, Пол Сезанннинг қалам ва акварелда яратилган “Гилосли натюрморт”и ҳамда Анри Матисснинг “Айвондаги одалиска” акварел асари бор. Хабарларда қайд этилганидек, юзларини капюшон билан яширган ўғрилар музейнинг кириш эшигини бузиб кириб, боғ орқали атиги уч дақиқада қочиб кетган.

Маняни-Рокка фонди бу ҳаракатни “режалаштирилган жиноят” деб баҳоласа ҳам, видеокузатув видеотизими ва полиция ҳамда қўриқлаш хизматининг тезкор аралашуви туфайли воқеа янада жиддий оқибатга олиб келмади. Ўғирланган асарларнинг тахминий қиймати миллионлаб евро билан баҳоланмоқда, ҳозирда эса тергов ишлари олиб борилмоқда.

Пол Сезанннинг қалам ва акварелда ишланган “Гилосли натюрморт”и

Луижи Маняни номи билан номланган фондда Тициан, Дюрер, Рубенс ва Гойя каби машҳур рассомлар асарлари ҳам сақланади. Шунингдек, бу хусусий музей Италиядаги энг қадрли ва муҳим бадиий тўпламлардан бири сифатида тан олинган.

Бу ҳодиса санъат оламидаги охирги ойларда содир бўлган ягона шов-шувли ўғирлик эмас. 2025 йил 19 октябрда Париждаги Лувр музейидан Франция монархларига тегишли қимматбаҳо тақинчоқлар ўғирлаб кетилган ва уларнинг умумий қиймати тахминан 88 миллион евро эканлиги маълум бўлган. Жиноятчилар қочаётганда олмос ва зумрадлар билан безатилган императрица Евгениянинг тожини ҳам тушириб юборган.

Хабарларга кўра, бу иш бўйича бир неча шахс қўлга олинган ва айримларига айбловлар эълон қилинган, аммо тақинчоқлар ҳозирча топилмаган. Кейинчалик маълум бўлишича, ўғирликда иштирок этган шахслар Лувр билан музокара олиб боришга ҳаракат қилишган, бироқ Франция музейи бу таклифни рад этган.

Шунингдек, ноябр ойида интернетда тарқатилган видео Украина Миллий коррупцияга қарши бюроси томонидан тасвирланган, деган маълумот билан тарқатилган, унда ўғирланган буюмлар Украина миллиардери ва президент Володимир Зеленскийнинг собиқ ҳамкори Тимур Миндич уйидан топилгани айтилади. DW фактчеки эса бу видеоролик фейк эканини ва унинг бир қисми сунъий интеллект ёрдамида яратилганини тасдиқлади.

Мазкур ҳодиса санъатшунослар, коллекционерлар ва жамоатчилик эътиборини янада кучайтириб, халқаро даражадаги қадрли асарларнинг хавфсизлигини яна бир бор кўрсатиб берди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Италиядаги музейдан машҳур рассомларнинг асарлари ўғирлаб кетилди