Эронга боғлиқ хакерлар ФҚБ раҳбари почтасини бузди

Эрон билан алоқадор бўлган Handala хакерлик гуруҳи АҚШ Федерал қидирув бюроси раҳбари Кэш Пателга тегишли электрон почта ҳисобини бузиб киргани ҳақида хабарлар тарқалди.
Маълумотларга кўра, хакерлар нафақат почтага ноқонуний равишда киришга эришган, балки у ердаги айрим шахсий маълумотларни ҳам қўлга киритган. Хусусан, улар ФҚБ раҳбарига тегишли бўлган бир қатор шахсий суратларни интернетда эълон қилган.
Reuters агентлиги маълум қилишича, ушбу киберҳужум ортида Эрон билан боғлиқ Handala гуруҳи тургани тахмин қилинмоқда. Ҳозирча расмий идоралар томонидан ҳолат юзасидан тўлиқ изоҳ берилмаган.
Кузатувчиларнинг фикрича, бундай ҳужумлар халқаро киберхавфсизлик масалаларини янада долзарб қилиб, давлатлар ўртасидаги рақамли зиддиятларни кучайтириши мумкин. Шунингдек, юқори лавозимдаги шахсларнинг шахсий маълумотлари ҳимояси масаласи яна бир бор кун тартибига чиқмоқда.
