Болаларга игнали қанд тарқатган шахс қўлга олинди

Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри Ленин туманида болаларга ичига игналар қўйилган қанд тарқатган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда туман Ички ишлар бўлими матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 28 март куни тахминан соат 20:00 да полицияга Оқ Ўрда тураржой массивида бир эркак болаларга ичида игналар бўлган ширинлик тарқатгани ҳақида хабар келиб тушган.
Мазкур массивда яшовчи Б.Г. исмли аёлнинг 11 ёшли қизи ҳамда бошқа болалар ҳам номаълум шахсдан шундай конфетлар олганини маълум қилишган.
Ҳолат юзасидан Тергов хизмати томонидан жиноят иши қўзғатилган ва зарур экспертизалар тайинланган. Милиция ходимлари тергов жараёнида гумонланувчи Н.Д.ни қўлга олди. Ҳозирда у вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.
Унинг яшаш жойида ўтказилган тинтув пайтида конфетлар ва бошқа моддий далиллар мусодара қилинди. Тергов ишлари давом этмоқда. Ленин тумани суди гумонланувчини икки ой муддатга тергов ҳибсхонасига жойлаштирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!