Ноодатий қарор: ит зотлари учун расмий байрам

Ноодатий қарор: ит зотлари учун расмий байрам
Қисқача

Қозоғистонда эндиликда ҳар йили 3 сентябрь "Қозоқ този ва тўбет итлари куни" сифатида расмий байрам сифатида нишонланади. Бу қарор миллий мерос ҳисобланган, йўқолиб кетиш хавфи остида бўлган този ва тўбет зотларини асраш ҳамда кўпайтиришга қаратилган. Ушбу ташаббус Президент топшириғидан сўнг йўлга қўйилиб, уларнинг халқаро тан олинишига ҳам замин яратмоқда.

Қозоғистонда эндиликда ҳар йили 3 сентябрь санаси “Қозоқ този ва тўбет итлари куни” сифатида расмий байрам тарзида нишонланади. Бу ҳақда ҳукуматнинг 15 апрелда қабул қилинган 278-сонли қарорида маълум қилинди.

Янги тартибга кўра, мамлакат байрамлар рўйхати ушбу алоҳида сана билан кенгайтирилди. Мазкур ташаббус миллий мерос ҳисобланган този ва тўбет зотли итларни асраш ҳамда уларнинг сонини кўпайтиришга қаратилган.

Аввалроқ, 2022 йилда Президент томонидан ушбу зотларни ҳимоя қилиш бўйича топшириқ берилган эди. Шундан сўнг уларни сақлаш ва ривожлантиришга оид ҳуқуқий асослар яратилиб, амалий ишлар босқичма-босқич йўлга қўйилган.

Мутахассислар сўнгги йилларда бу ноёб зотларнинг камайиб бораётганини таъкидлаб, уларни муҳофаза қилишни кучайтириш зарурлигини қайд этмоқда. 2024 йилда този зоти халқаро даражада расман тан олинган бўлиб, унинг стандартлари Қозоғистон томонидан ишлаб чиқилган мезонлар асосида белгиланмоқда.

Маълумот учун, този — қадимий овчи ит бўлиб, унинг тасвирлари минг йиллик қоятош битикларида ҳам учрайди. Кўчманчи халқлар ҳаётида у тезлиги ва овдаги маҳорати билан қадрланган. Тўбет эса йирик қўриқчи ит сифатида чорвани бўрилардан ҳимоя қилиб келган ва садоқати билан машҳур бўлган.

Бугунги кунда ушбу икки ноёб зот йўқолиб кетиш хавфи остида. Бунга бошқа зотлар билан аралашиб кетиши ҳамда анъанавий парваришнинг камайиши сабаб бўлмоқда. Шу боис Қозоғистонда уларни сақлаш ва кўпайтиришга қаратилган махсус дастурлар амалга оширилмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Charos
«ZAMIN.UZ» муҳаррири

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар