Лондонда арзон капсула меҳмонхона саёҳатчиларни жалб этмоқда (фото)

Буюк Британия пойтахтининг қоқ марказида, Piccadilly Circus метро бекати тепасида жойлашган янги форматдаги Zedwell Capsule Hotel Piccadilly Circus ўз фаолиятини бошлади. У дунёдаги энг йирик капсула меҳмонхоналаридан бири сифатида эътироф этилмоқда ва ҳозирнинг ўзидаёқ катта қизиқиш уйғотмоқда.
Мазкур меҳмонхона тарихий London Pavilion биносида жойлашган бўлиб, беш қаватга тақсимланган қарийб 1000 та индивидуал капсулани ўз ичига олади. Ҳар бир капсула тахминан 1×1×2 метр ҳажмдаги ихчам макон бўлиб, минимализм ва функционаллик асосида жиҳозланган. Ички қисмда қулай матрас, тоза чойшаблар, ҳаво фильтрига эга вентиляция тизими, ёритиш, электр розеткалари ҳамда шахсий махфийликни таъминловчи тўлиқ ёпиладиган эшик мавжуд.

Бу форматнинг энг катта устунлиги — нарх сиёсати. Одатда Лондон марказида меҳмонхона нархлари 250 фунт стерлингдан юқори бўлган бир пайтда, бу ерда тунаш атиги 30–40 фунт (тахминан 600–650 минг сўм) атрофида. Бу эса бюджет саёҳатчилар, хизмат сафаридаги ходимлар ва қисқа муддатга Лондонга келганлар учун жуда қулай ечимга айланмоқда.
Капсула ичидаги муҳит ҳам алоҳида эътиборга молик. Тўлиқ сукунат ва қоронғилик уйқу сифатини оширишга хизмат қилади. Бепул Wi-Fi хизмати мавжуд, аммо деразалар йўқ — бу эса баъзи меҳмонлар учун ноқулайлик туғдириши мумкин. Шунингдек, юк сақлаш имконияти чекланган бўлиб, қўшимча жой учун алоҳида ҳақ (15 фунт) тўланади.

CNN журналистлари ҳам ушбу меҳмонхонани синаб кўрди. Уларнинг хулосасига кўра, бу формат кимлар учундир жуда қулай ва самарали, аммо ёпиқ жойдан қўрқадиганлар учун (клаустрофоблар) ҳақиқий синов бўлиши мумкин. Шу билан бирга, кўплаб меҳмонлар тинч муҳит сабаб тез ва сифатли ухлаб қолганини таъкидламоқда.
Мутахассислар фикрича, Zedwell лойиҳаси Лондон марказидаги кам фойдаланилаётган биноларни қайта жонлантириш тенденциясининг бир қисми ҳисобланади. Компания келгусида бу концепцияни янада кенгайтириш ва бошқа шаҳарларга ҳам олиб чиқишни режалаштирмоқда.
Қисқаси, бу янги формат анъанавий меҳмонхоналарга жиддий рақобат яратиши мумкин. Арзон, ихчам ва замонавий — саёҳат оламида янги тренд бошланяпти.