Хургадада фожиа: сайёҳни кобра чақиб ҳалок қилди

Мисрда дам олаётган германиялик сайёҳ билан боғлиқ фожиали ҳодиса юз берди. “CNN” хабарига кўра, эркак илонлар шоуси вақтида кобра чақиши оқибатида ҳаётдан кўз юмган.
Маълум қилинишича, 57 ёшли эркак оиласи билан таътил ўтказиш учун Мисрга борган ва Қизил денгиз бўйидаги Хургада шаҳрида дам олаётган бўлган. Улар меҳмонхонадаги кўнгилочар дастурлар доирасида ташкил этилган илонлар шоусида иштирок этишган.
Воқеа давомида илонлардан бири, тахминларга кўра кобра, эркакнинг кийими ичига кириб кетган ва унинг оёғини чақиб олган. Дастлаб бу ҳолат жиддий баҳоланмаган бўлса-да, орадан кўп ўтмай эркакда заҳарланиш аломатлари кучайиб, аҳволи оғирлашган.
Шундан сўнг у зудлик билан яқин атрофдаги тиббиёт муассасасига олиб борилган ва реанимация бўлимига ётқизилган. Шифокорларнинг саъй-ҳаракатларига қарамай, сайёҳнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган.
Мазкур ҳодиса юзасидан Германиянинг Мемминген шаҳри жиноят полицияси томонидан тергов ишлари бошланган. Айни пайтда токсикологик экспертиза натижалари кутилмоқда.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, илон чақиши билан боғлиқ ўлим ҳолатлари дунёда кам учрамайди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили 81 мингдан 138 минггача инсон айнан шу сабаб ҳаётдан кўз юмади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!