Жапаров: Казинолар қарори иқтисодий фойда берди

Садир Жапаров Қирғизистонда казинолар фаолиятига рухсат бериш бўйича қабул қилинган қарор бугунги кунда ўзини тўлиқ оқлаганини таъкидлади. Бу ҳақда “24.kg” нашри маълум қилди.
Давлат раҳбарининг эслатишича, 4 йил аввал казиноларни қонунийлаштириш ташаббуси жамиятда кенг муҳокама ва баҳсларга сабаб бўлган эди. Шунга қарамай, Жогорку Кенеш томонидан қонун қабул қилинган.
Жапаров бугунги кунда бу соҳа мамлакат иқтисодиётига ижобий таъсир кўрсатаётганини, энг асосийси эса маҳаллий аҳоли зарар кўрмаганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, казинолар асосан хорижий ва бадавлат мижозлар ҳисобига ишламоқда.
Президент илгари билдирилган хавотирлар — Қирғизистон фуқаролари казиноларга оммавий равишда қатнай бошлаши ҳақидаги тахминлар амалга ошмаганини қайд этди. Аксинча, бу тизим янги иш ўринларини яратиб, туризм соҳасини ҳам ривожлантирган.
Шунингдек, у илгари хорижда ишлаган фуқаролар энди ватанга қайтиб, ушбу соҳада меҳнат қилаётганини ҳам ижобий ҳолат сифатида тилга олди. Жапаровнинг фикрича, энг муҳим натижа — давлат бюджетига қўшимча даромад тушиши ва иқтисодий мувозанатнинг сақланиб қолишидир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!