Олма бўлаги сабаб... 25 ёшли қиз ҳалок бўлди

Санкт-Петербургда содир бўлган аянчли воқеа яна бир бор оддий эҳтиётсизлик қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Тиббий анжуманда иштирок этаётган 25 ёшли ветеринар Лиза тасодифий ҳолат туфайли ҳаётидан айрилди.
Маълум бўлишича, у олма еяётган вақтда кимдир уни чақирган. Жавоб беришга шошилган қиз тўсатдан олма бўлагига тиқилиб қолган ва нафас йўллари тўсилиб, клиник ўлим ҳолатига тушган.
Атрофда шифокорлар бўлганига қарамай, вазият жуда тез ривожланган ва улар нафас йўлини ўз вақтида очиб беришга улгурмаган. Тез тиббий ёрдам етиб келиб, юрак фаолияти қайта тикланган бўлса-да, мия қарийб 28 дақиқа давомида кислородсиз қолгани аниқланган.
Шундан сўнг қиз бир йил давомида шифохонада аппаратларга уланган ҳолда ётган. У атрофдагиларни эшита олган, аммо ҳаракатланиш ва гапириш имкониятидан маҳрум бўлган.
Афсуски, барча саъй-ҳаракатларга қарамай, 19 май куни унинг юраги уришдан тўхтаган. Бу воқеа оддий эҳтиётсизлик ҳам қанчалик оғир фожиага сабаб бўлиши мумкинлигини яна бир бор исботлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!