date

АҚШ ҳукумати FIFA чипталари савдоси бўйича тергов бошлади

АҚШ ҳукумати FIFAга нисбатан 2026 йилги Жаҳон чемпионати чипталари савдоси юзасидан тергов бошлади. The Athletic нашри маълумотига кўра, текширув асосан Нью-Жерсидаги “МетЛайф Стэдиум”да ўтказилиши режалаштирилган саккизта ўйин, жумладан финал баҳси чипталари савдоси билан боғлиқ.

Манбага кўра, Ню-Йорк ва Ню-Жерси бош прокурорлари Летиция Жеймс ҳамда Женнифер Девенпорт FIFAдан чипта нархлари, сотув босқичлари, ўриндиқлар тоифаси ва мухлисларга тақдим этилган маълумотлар бўйича батафсил ҳужжатлар талаб қилган. Шунингдек, ташкилотга расмий чақирув қоғозлари ҳам юборилган. Тергов жараёнига Ню-Йорк шаҳрининг истеъмолчилар ва ишчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш департаменти ҳам жалб этилган.

Қайд этилишича, FIFA аввал ҳам жамоатчилик норозилигига қарамай чипта нархларини оширгани учун танқидларга учраган. Бундан ташқари, стадиондаги жойлар категорияси хариталари турли савдо босқичларида ўзгариб боргани ҳам мухлислар орасида норозилик уйғотган. Айрим харидорлар ўзлари сотиб олган деб ҳисоблаган жойлар кейин бошқа тоифадаги ўриндиқларга алмаштирилганидан шикоят қилган.

Апрель ойида FIFA пастки трибунанинг олд қаторлари учун янги чипта категориясини жорий қилганидан кейин вазият янада муҳокамали тус олди. Мухлислар чипта сотиб олиш жараёни етарлича шаффоф эмаслигини, нархлар эса ортиқча оширилаётганини билдирган.

Ню-Жерси бош прокурори Женнифер Девенпорт FIFAни “сунъий танқислик яратиш ва нархларни ҳаддан ташқари ошириш”да айблади. Унинг таъкидлашича, Жаҳон чемпионати каби катта мусобақа чипталарини сотишда адолатли ва тушунарли тизим бўлиши керак.

“ЖЧ чипталарини сотишда адолатли бўлиш қийин эмас. Аммо FIFA буни оддий мухлислар зарарига ҳақиқий чалкашликка айлантирди”, — деди Девенпорт.

Ню-Йорк бош прокурори Летиция Жеймс ҳам мухлислар айнан нимани сотиб олаётганини аниқ билиши кераклигини таъкидлади. Унинг фикрича, чипта харид қилган инсон ўзи танлаган ўрин ва тоифа бўйича адолатли маълумот олиши шарт.

FIFA эса аввалроқ стадион хариталари фақат умумий йўналиш бериш учун хизмат қилишини, улар ўриндиқларнинг аниқ жойлашувини тўлиқ акс эттирмаслигини билдирган эди. Ташкилот шу орқали хариталардаги ўзгаришлар бўйича танқидларга жавоб беришга уринган.

Маълумотларга кўра, FIFA АҚШ расмийлари юборган чақирув қоғозларини суд орқали рад этиш ҳуқуқига эга. Шу сабаб тергов жараёни тез якунланмаслиги ва расмийлар мундиал бошлангунига қадар тўлиқ жавоб олмаслиги ҳам мумкин.

Қисқаси, АҚШда FIFAга нисбатан ЖЧ-2026 чипталари савдоси бўйича тергов бошланди. Асосий эътирозлар нархлар ошиши, жойлар тоифаси ўзгариши ва мухлисларга етарли даражада аниқ маълумот берилмагани билан боғлиқ. Мундиал ҳали бошланмади, аммо чипта атрофидаги “ўйин” аллақачон қизиб кетди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ҳукумати FIFA чипталари савдоси бўйича тергов бошлади