500 йиллик сукутдан сўнг қундузлар болалари туғилди

500 йиллик сукутдан сўнг қундузлар болалари туғилди

Англиянинг Норфолк ҳудудида табиатшуносларни ҳайратга солган воқеа қайд этилди. Бу ерда 500 йилдан ортиқ вақт ичида илк бор ёввойи қундузлар дунёга келди.

Янги туғилган қундузчалар декабрь ойида Факенхэм яқинидаги Pensthorpe қўриқхонасига кутилмаганда келиб қолган икки ёввойи қундузнинг авлодлари ҳисобланади.

Қундузлар Вэнсум дарёси бўйида ўзларига ин қуриб, шу ҳудудда яшай бошлаган. Мутахассисларга кўра, бу жуфтлик XVI аср бошларида қундузлар Англияда ов қилиниши оқибатида бутунлай йўқолиб кетганидан кейин Норфолкда қайд этилган биринчи ёввойи қундузлар бўлган.

Қундузлар бу ерга қандай келган?

Энг қизиғи, қундузларнинг Вэнсум дарёсига қандай етиб келгани ҳанузгача номаълум. Англияда қундузлар 2015 йилдан бошлаб айрим ҳудудларда қайта тиклана бошлаган бўлса-да, Норфолкка энг яқин ёввойи қундузлар популяцияси 200 километрдан ортиқ масофадаги Кентда жойлашган.

Шу сабабли айримлар уларни табиат муҳофазаси фаоллари яширинча қўйиб юборган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ Pensthorpe қўриқхонаси бундай усулни қўллаб-қувватламаслигини маълум қилган.

Қўриқхона раҳбари Ричард Сповейж эса қундузчаларнинг пайдо бўлишидан мамнун.

«Бу ажойиб воқеа», — деди у.

Камера тузоқлари орқали олинган тасвирларни кўриш пайтида мутахассислар дастлаб битта қундузчани пайқаган. У ота-онаси ёнида ўйнаб, майда шохлар ва баргларни кемираётган бўлган.

Бироз вақт ўтиб эса камера яна бир ҳайратланарли манзарани қайд этган — биринчи қундузчадан кейин иккинчиси ҳам пайдо бўлиб, унинг ортидан югуриб чиққан.

Кичкинтойлар мустақил ҳаётга ўрганмоқда

Тахминан уч ойлик қундузчалар ҳозирданоқ анча фаол ва мустақил бўлиб бормоқда. Улар тол ва сув ялпизи каби ўсимликлар билан озиқланмоқда.

Қундузчалар ҳатто хавф сезганда сувга шўнғиш ва думлари билан сув юзасига қаттиқ уриб, овоз чиқаришни ҳам ўрганиб олган.

Қўриқхона ходимларининг айтишича, катта қундузларнинг сувда ўз думлари билан хавфдан огоҳлантиришини кузатишган. Энди эса кичик қундузлардан бири ҳам худди шу ҳаракатни такрорлай бошлаган.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар