Шифокорлар аёлнинг икки аъзосини олиб ташлаб, янглишди

 Шифокорлар аёлнинг икки аъзосини олиб ташлаб, янглишди

Лондонда яшовчи 35 ёшли Амбер Уильямс 15 йил давомида кучли оғриқ билан яшаган. Унинг айтишича, шифокорлар йиллар давомида оғриқларини «оддий ҳайз оғриғи» деб баҳолаб, унинг ҳақиқий сабабини аниқлай олмаган.

Амбер 11 ёшида ҳайз кўра бошлаганидан кейин кучли оғриқларни ҳис қилган. 14 ёшига келиб, аҳволи шу қадар оғирлашганки, у мунтазам равишда мактаб қолдирган. Шифокорлар унга оғриқли ҳайз оддий ҳолат эканини айтиб, контрацептив таблеткалар буюрган.

2012 йилда, 21 ёшида, қориндаги кучли оғриқ сабаб шошилинч тиббий ёрдамга мурожаат қилганида, унда аппендицитдан шубҳаланишган. Натижада аппендикси олиб ташланган. Аммо кейинчалик унга аъзода жиддий муаммо бўлмагани айтилган.

Ўша йилнинг ўзида унга поликистоз тухумдон синдроми ташхиси қўйилган. Амберга асосан вазн камайтириш тавсия қилинган, аммо уни қийнаётган оғриқлар даволанмаган.

2016 йилда аҳволи янада оғирлашиб, у тахминан 12 марта шифохонага борган. Шифокорлар ўт пуфагида тош ва панкреатит борлигини тахмин қилиб, ўт пуфагини ҳам олиб ташлашган. Кейин эса унда ҳам жиддий муаммо бўлмагани маълум бўлган.

Шу йили Амбер жуда кучли қон кетишини бошдан кечирган ва ҳомиладорликни йўқотган. У бу воқеани ҳаётидаги муҳим бурилиш нуқтаси деб атаган.

2017 йиллар атрофида у интернетдаги аёллар гуруҳлари орқали эндометриоз ҳақида маълумотга дуч келган. У махсус тестлар натижаларини шифокорларга кўрсатган бўлса-да, унинг эндометриози бўлиши эҳтимоли жиддий қабул қилинмаган.

Йиллар давомида оғриқ ҳайз давридан ташқари пайтларда ҳам давом этган. Айрим мутахассислар эса унинг аломатларини руҳий ҳолати билан боғлаб, антидепрессантлар тавсия қилган.

2025 йилда Амбер ва турмуш ўртоғи тўрт йил давомида фарзандли бўлишга уриниб, натижага эриша олмаганидан сўнг мутахассисларга мурожаат қилди. Ниҳоят, фертиллик бўйича шифокор унинг эндометриоз ҳақидаги хавотирларини жиддий қабул қилиб, қўшимча текширувларга йўллади.

Жорий йил июль ойида жарроҳлар ниҳоят Амберда кенг тарқалган эндометриоз ва аденомиозни аниқлади. Унинг тухумдонлари чаноқ деворига ёпишиб қолгани маълум бўлди.

«Жарроҳликдан сўнг уйғонганимда, шифокор менга: “Сиз ақлдан озмагансиз”, деди. Мен эса йиғлаб юбордим», — дейди Амбер.

Ҳозир ҳам у ҳар бир ҳайзнинг дастлабки уч кунида жуда кучли оғриқни бошдан кечиради ва оғриқ қолдирувчи воситаларга таянади. Кўп йиллик даволанмаган касаллик унинг ҳаётига жиддий таъсир қилган: у ҳозир оғриқ сабаб ишлай олмайди ва фарзандли бўлиш имкониятидан ҳам хавотирда.

«Бу ҳаётимни вайрон қилди. Агар мени аввалроқ тинглашганида, ҳаётим қандай бўлишини билмайман», — деди у.

Амбер бошқа аёлларни ҳам тушунарсиз ва давомли оғриқларга дуч келса, муаммонинг ҳақиқий сабабини аниқлаш учун изланишдан тўхтамасликка чақирди.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар