Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони 1,2 миллиардга етди

Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони 1,2 миллиардга етди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Дунёда ўта қашшоқликда яшаётганлар сони бир йил ичида 51,5 миллион нафарга кўпайиб, 1,2 миллиардга етди.
  • Бу инсонлар молиявий қийинчиликлар билан бир қаторда очлик, таълим ва тоза ичимлик суви ҳамда электр энергияси етишмаслиги каби муаммоларга дуч келмоқда, уларнинг ярмидан кўпини болалар ташкил этади.

Дунё бўйлаб 1,2 миллиард киши ўта қашшоқлик шароитида кун кечирмоқда. Бир йил ичида уларнинг сони 51,5 миллион нафарга кўпайган. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури (UNDP) ҳамда Оксфорд университети тадқиқотчилари тайёрлаган ҳисоботда маълум қилинди.

Ҳужжатга кўра, ўта қашшоқликда яшаётган инсонлар нафақат молиявий қийинчиликларга, балки очлик, таълим олиш имкониятининг чеклангани, тоза ичимлик суви ва электр энергияси етишмаслиги каби муаммоларга ҳам дуч келмоқда. Энг ташвишли жиҳати, ушбу тоифадаги аҳолининг ярмидан кўпини болалар ташкил этади.

БМТ Тараққиёт дастури раҳбари Александр Де Кру қашшоқлик кўрсаткичларининг ортишини бутун дунё учун жиддий огоҳлантириш сифатида баҳолаган.

Қайд этилишича, қашшоқликда яшаётганлар сонининг кўпайишига таъсир кўрсатаётган омиллардан бири аҳоли сонининг ўсишидир. Шу билан бирга, ҳисобот қамраб олган 108 та ривожланаётган давлатнинг фақат 13 таси бўйича янги маълумотлар мавжуд. Шу сабабли келтирилган рақамларни баҳолашда ушбу ҳолатни ҳам инобатга олиш лозим.

Шунга қарамай, айрим мамлакатларда ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Сўнгги 15 йил давомида 33 та давлатда кўп ўлчовли қашшоқлик мезонлари бўйича қийин шароитда яшаётган аҳоли улуши икки бараварга қисқарган. Улар орасида Хитой ва Вьетнам ҳам бор.

Бироқ қашшоқлик муаммоси, асосан, Саҳрои Кабирдан жанубда жойлашган Африка давлатлари ва Жанубий Осиёдаги мамлакатларда сақланиб қолмоқда.

Ҳисоботда Миср, Непал ва Тожикистонда ҳам қашшоқлик даражаси, ҳам ундан азият чекаётган аҳоли сони сезиларли камайгани қайд этилган. Ангола ва Замбияда эса бошқача ҳолат кузатилган: қашшоқлик даражаси пасайган бўлса-да, аҳоли тез кўпайиши туфайли қашшоқликда яшаётганлар сони ортган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар