Трамп ўзининг пардоз қилиш одати ҳақида гапирди

АҚШ президенти Доналд Трамп пардоз қилмаса, ўзини мурдага ўхшаб қолишини айтди. Бу ҳақда у 16 октабр куни Жоржия штатининг Далтон шаҳрида республикачи номзодларни қўллаб-қувватлаш учун ўтказилган сайловолди митингида гапирди.
Митинг давомида Трамп демократ сенатор Жон Оссоффнинг пардоз учун сарфлаётган харажатларини танқид қилди. Унинг даъво қилишича, сенатор пардоз хизматларига катта маблағ сарфлайди ва доимо визажист хизматидан фойдаланади.
“У бу ишга бор кучини сарфлайди. Унинг визажисти бор, улар доим бирга. Қандай қилиб бундай қилишини билмайман, лекин у бунга жуда кўп пул сарфлайди”, деди Трамп.
Шунингдек, АҚШ президенти Оссофф Сенат тарихидаги бошқа эркак ва аёл сенаторларнинг барчасидан кўпроқ маблағни пардозга сарфлаганини даъво қилди. Бироқ бу даъво мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган.
Трамп ўзининг пардоз қилиш одати ҳақида ҳам гапирди.
“Мен жуда озгина пардоз қиламан ва буни ўзим амалга ошираман. Чунки озгина пардоз қилмасам, мурдага ўхшаб қоламан. Мен эса бундай кўринишни истамайман”, деди АҚШ президенти.
Трампнинг ушбу чиқиши ижтимоий тармоқларда ҳамда халқаро ОАВда муҳокамаларга сабаб бўлди.






























Изоҳлар 0
…