Хитойда 3 ёшли қизча 12-қаватдан тушиб кетишига бир баҳя қолди (видео)

Хитойда 3 ёшли қизча 12-қаватдан тушиб кетишига бир баҳя қолди (видео)

Хитойнинг Фуцзянь провинциясидаги Чжанпин шаҳрида уч ёшли қизалоқ турар жой биносининг 12-қаватидаги дераза панжарасига илиниб, ташқарида осилиб қолди. Қўшнилар ва қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракати туфайли бола омон қолди.

Ҳодиса 2026 йил 17 октябрь куни эрталаб соат 07:48 атрофида содир бўлган. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, қизалоқ деразадаги ҳимоя панжарасидан ташқарига чиқиб кетган ва боши металл панжаралар орасида қисилиб қолган. Унинг танаси эса 12-қават баландлигида ташқарига осилиб турган.

Вазиятни кўрган қўшнилар ва бино қўриқлаш хизмати ходимлари дарҳол ёрдамга шошилган. Улар пастки қаватдаги хонадондан туриб, қизалоқнинг танасини ушлаб туриш ва йиқилишининг олдини олиш учун унинг остига стул тутишган.

Кўп ўтмай, воқеа жойига ўт ўчирувчилар етиб келган. Улар хонадонга кириб, қизалоқни панжарадан эҳтиёткорлик билан озод қилган ва хавфсиз жойга олиб тушган.

Хабарларга кўра, ҳодиса вақтида қизалоқ уйда ёлғиз бўлган. Отаси ишда, онаси эса озиқ-овқат харид қилиш учун ташқарига чиққан эди. Қутқарилган бола тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохонага олиб борилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у жиддий жароҳат олмаган.

Воқеа акс этган видео ижтимоий тармоқларда тарқалиб, болалар хавфсизлигига яна бир бор эътибор қаратди.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар