Green Card яна тўхтатилди: АҚШ Апелляция суди кутилмаган қарор қабул қилди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- АҚШ Апелляция суди ДВ-2027 дастури бўйича аризалар қабулини 1 ноябрдан бошлаш ҳақидаги қуйи инстансия қарорини вақтинча тўхтатиб қўйди.
- Ҳукумат ва юристлар ўртасидаги суд тортишувлари сабабли лотереяга рўйхатдан ўтиш муддати номаълум муддатга кечиктирилди.
- Дастур қайта тикланган тақдирда, номзодлардан 1 АҚШ доллари миқдорида тўлов ва амал қилувчи хорижга чиқиш паспорти талаб қилиниши ҳамда текширувлар кучайтирилиши режалаштирилмоқда.
Дунё бўйлаб миллионлаб инсонлар интиқлик билан кутган Green Card (DV-2027) дастури атрофидаги мавҳумлик давом этмоқда. АҚШ Апелляция суди қуйи инстанция судининг 1 ноябрдан эътиборан DV-2027 бўйича аризалар қабулини бошлаш тўғрисидаги қарори ижросини вақтинча тўхтатиб қўйди.
Суднинг ушбу янги ажрими сабабли дастур бўйича рўйхатдан ўтишнинг аниқ бошланиш муддати номаълум муддатга кечиктирилди.
Суд жанглари: Маъмурият ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасидаги тўқнашув
Лотереянинг ўз вақтида старт ололмаётганига АҚШ ҳукумати ва юристлар ўртасидаги суд тортишувлари сабаб бўлмоқда:
Қуйи суд қарори: Аввалроқ бир гуруҳ ҳуқуқшуносларнинг жамоавий даъвосидан сўнг қуйи инстанция суди АҚШ Давлат департаментига 1 ноябрдан бошлаб DV-2027 учун аризалар қабулини йўлга қўйиш мажбуриятини юклаган эди;
Оқ уй ва маъмурият шикояти: АҚШ маъмурияти мазкур мажбурий қарор устидан зудлик билан Апелляция судига шикоят киритди;
Вақтинчалик музлатиш: Апелляция инстанцияси ишни мазмунан тўлиқ кўриб чиққунга қадар қарор ижросини тўхтатиб қўйди. Айни пайтда суд эшитувлари ва юридик жараёнлар давом этмоқда.
DV-2027: Қандай жиддий ўзгаришлар ва янги талаблар кутилмоқда?
Агар дастур қайта йўлга қўйилса, номзодларни бир қатор янги ва анча қатъий талаблар кутмоқда:
1 долларлик рамзий тўлов: Ариза топшириш жараёни учун 1 АҚШ доллари миқдорида расмий рўйхатдан ўтиш тўлови жорий этилиши режалаштирилмоқда (бу фирибгарларнинг спам аризаларини камайтиришга қаратилган);
Амал қилувчи хорижга чиқиш паспорти («загранпаспорт»): Ариза тўлдириш вақтида амал қилиш муддати тугамаган хорижга чиқиш паспортига эга бўлиш қатъий талаб этилади;
Кучайтирилган текширув: Ғолиблар ва номзодларнинг маълумоти, расмий иш тажрибаси ҳамда хавфсизлик талабларига мувофиқлиги аввалгидан анча синчков ва чуқурлаштирилган тартибда текширувдан ўтказилади.
АҚШ Давлат департаменти ҳозирча рўйхатга олишнинг янги санасини расман эълон қилгани йўқ. Мутахассислар фуқароларни интернетдаги турли сохта сайтлар, пуллик фирибгарлик хизматларига алданиб қолмасликка ва фақат АҚШ элчихонаси ҳамда Давлат департаментининг расмий баёнотларини кутишга чақирмоқда.































Изоҳлар 0
…