Ҳиндистонда аёллар спорт зали очилди: ҳижоб ва бурқада ҳам бемалол машқ қилиш мумкин

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ҳиндистоннинг Коимбатор шаҳрида Шабана исмли аёл мусулмон аёллар ҳижоб ва бурқада бемалол шуғулланиши мумкин бўлган махсус спорт залини очди.
- Шабана ўз вақтида вазни 140 килограммдан ошганида аёллар учун алоҳида спорт маскани топа олмагани сабабли шундай қарорга келган.
- Мазкур марказда фақат аёллар ишлайди ва мижозларга жисмоний машқлар билан бирга тўғри овқатланиш бўйича ҳам маслаҳатлар берилади.
Ҳиндистоннинг Тамилнад штатидаги Коимбатор шаҳрида Шабана исмли аёл фақат аёллар шуғулланиши мумкин бўлган спорт залини очди. Бу ерда мусулмон аёллар ҳижоб ва бурқа каби кундалик кийимларида ҳам бемалол машқ қилиши мумкин.
BBC хабар беришича, Шабанани бундай қарорга келишга ўзининг соғлиғи билан боғлиқ муаммолари ва аёллар учун алоҳида спорт залини топа олмагани ундаган. У бир вақтлар вазни 140 килограммдан ошганини, озиш мақсадида ўз ҳудудидаги спорт залларини излаганида фақат аёллар учун мўлжалланган жой топа олмаганини айтган.
Шундан сўнг у аввал умумий спорт залида шуғуллана бошлаган, кейинчалик эса мураббийлик фаолиятини йўлга қўйган. Бир неча йил тажриба орттиргач, ўз спорт залини очишга қарор қилган.
Шабана ташкил этган марказ барча аёллар учун очиқ. Бироқ у мусулмонлар кўпчиликни ташкил этадиган маҳаллада жойлашгани сабабли, айниқса мусулмон аёллар орасида машҳур бўлган. Спорт залида фақат аёллар ишлайди, машғулотлар эса кун давомида ташкил этилади.
Бу ерда аёллар нафақат жисмоний машқлар билан шуғулланади, балки тўғри овқатланиш бўйича ҳам маслаҳат олади. Спорт залида қимматбаҳо тренажёрлардан кўра, кўпроқ оддий жиҳозлар ва пол устида бажариладиган машқларга эътибор қаратилади.
Шабана ўз фаолиятини йўлга қўйишда турли қаршиликларга дуч келганини ҳам яширмайди. Шунга қарамай, турмуш ўртоғи ва оиласининг кўмаги билан мақсадига эришган. Бугунги кунда у мураббийлик билан бирга оғир атлетика мусобақаларида ҳам қатнашиб келмоқда.
Спорт залига қатнайдиган аёллардан бири уч марта кесарча кесиш амалиётини бошдан кечирганидан кейин машғулотларни бошлаган ва 13 килограмм вазн йўқотганини айтган. Унинг таъкидлашича, бу маскан нафақат соғлом бўлиш, балки бошқа аёллар билан мулоқот қилиш ва кундалик стрессдан халос бўлиш имконини ҳам беради.






























Изоҳлар 0
…