Окинавада фотограф қисқичбақалар учун «уй» йиғмоқда (фото)

Баъзан инсон учун оддий чиқинди бўлиб кўринган буюм жонзот учун бошпанага айланиши мумкин. Окинавада яшовчи ёввойи табиат фотографи Шон Миллер пластик қопқоқлар ва бошқа чиқиндилардан уй сифатида фойдаланаётган зоҳид қисқичбақаларни кўриб, уларга ёрдам беришга қарор қилди.
Фотографнинг кузатишларига кўра, табиий чиғаноқлар етишмаслиги ва соҳилларнинг чиқиндилар билан ифлосланиши сабаб айрим қисқичбақалар пластик қопқоқлар, шиша бўлаклари ҳамда бошқа сунъий буюмлардан бошпана сифатида фойдаланмоқда. Аслида улар ўсиб боргани сари ўзларига мосроқ, каттароқ чиғаноққа кўчиб ўтиши керак.

Шон Миллер 2020 йилда «Make The Switch 4 Nature» лойиҳасини йўлга қўйди. У денгиз маҳсулотлари ресторанлари ва қисқичбақа боқувчилардан бўш чиғаноқларни йиғади, уларни тозалайди ва махсус белгилар билан рақамлаб, табиий муҳитга қайтаради. Фотографнинг айтишича, қисқичбақалар ҳид орқали ўзларига мос чиғаноқларни топиб, уларга кўчиб ўтиши мумкин.

Лойиҳа орқали минглаб чиғаноқлар табиатга қайтарилган. Бу ташаббус нафақат қисқичбақаларга бошпана топишда ёрдам беради, балки соҳиллардан чиғаноқларни эсдалик учун олиб кетиш муаммосига ҳам эътибор қаратади.

Шон Миллернинг таъкидлашича, соҳилдан олиб кетилган ҳар бир чиғаноқ у ерда яшайдиган жонзотнинг эҳтимолий уйи бўлиши мумкин. Шунинг учун соҳилда чиғаноқ топсангиз, уни олиб кетишдан олдин ўйлаб кўринг — у кимнингдир яшаш жойи бўлиб қолиши мумкин.































Изоҳлар 0
…