Олимлар пиёда юрганда чарчоқни камайтирувчи ғайриоддий пайпоқлар яратди

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Техас университети тадқиқотчилари пиёда юриш вақтида энергия сарфини камайтирадиган махсус пайпоқларни ишлаб чиқишди.
- Ушбу пайпоқлар матосига тўқилган учта зич тасма оёқ кафти ёйининг қаттиқлигини 65 фоизга ошириб, юриш жараёнидаги энергия сарфини 2 фоизга тежашга ёрдам беради.
- 12 нафар кўнгилли иштирок этган тажрибада мазкур самарадорлик икки килограмм вазн йўқотиш билан тенглаштирилди.
АҚШлик олимлар узоқ масофага пиёда юрганда камроқ чарчаш ва энергияни тежашга ёрдам берадиган махсус пайпоқларни ишлаб чиқди. Ушбу инновацион пайпоқлар оёқ панжасини бармоқлар асосидан маҳкам ўраб, юриш жараёнида сарфланадиган кучни камайтиришга хизмат қилади. Тадқиқот натижалари Proceedings of the Royal Society B: Biological Sciences илмий журналида эълон қилинди.
Махсус пайпоқлар АҚШдаги Техас университети тадқиқотчилари томонидан яратилган. Уларнинг оддий пайпоқлардан асосий фарқи матосига учта зич тасма тўқилганидадир. Бу тасмалар оёқ панжасининг олд қисмини мустаҳкам ушлаб, унга оғирлик тушганда икки томонга ортиқча кенгайиб кетишининг олдини олади.
Олимлар аниқлашича, бундай босим натижасида юриш вақтида букиладиган оёқ кафти ёйининг қаттиқлиги 65 фоизга ошади. Шу билан бирга, қадам ташлашнинг сўнгги босқичида оёқнинг табиий ҳаракатчанлиги сақланиб қолади ва инсон ердан бемалол итарилиб, олдинга ҳаракатлана олади.
Янги пайпоқлар қандай синовдан ўтказилди?
Технология самарадорлигини текшириш учун тадқиқотчилар ўртача ёши 28 да бўлган 12 нафар соғлом кўнгилли иштирокчини жалб қилган. Улар югуриш йўлакчасида дастлаб оддий, дўконлардан харид қилинган пайпоқларда, кейин эса олимлар ишлаб чиққан махсус пайпоқларда беш дақиқадан юришган.
Тажриба давомида мутахассислар иштирокчиларнинг нафас олиш жараёнини ҳам кузатган. Хусусан, нафас олишда организм ўзлаштирган кислород ва нафас чиқаришда ажралиб чиққан карбонат ангидрид миқдори ўлчанган. Ушбу кўрсаткичлар ёрдамида юриш вақтида сарфланган энергия миқдори баҳоланган.
Натижалар янги пайпоқлардан фойдаланиш юриш жараёнидаги энергия сарфини тахминан 2 фоизга камайтиришини кўрсатган. Бир қарашда бу катта фарқдек туюлмаслиги мумкин. Бироқ тадқиқот муаллифлари мазкур самарани икки килограмм вазн йўқотиш билан таққослаган. Уларнинг фикрича, бундай тежамкорлик айниқса узоқ масофаларга пиёда саёҳат қиладиган инсонлар учун сезиларли аҳамиятга эга бўлиши мумкин.
Оёқ мушаклари қандай ишлайди?
Тадқиқот давомида олимлар яна бир қизиқарли ҳолатни аниқлаган. Махсус пайпоқ кийилганда болдир мушаклари бироз кўпроқ куч билан ишлайди, аммо уларнинг қисқариш тезлиги секинлашади. Натижада ҳаракат давомида умумий энергия сарфи камаяди.
Мутахассислар бу жараённи велосипедда юқорироқ узатмага ўтишга ўхшатган. Бунда велосипедчи педални айлантириш учун кўпроқ куч ишлатади, бироқ ҳаракат секинроқ амалга ошади. Янги пайпоқларда ҳам мушаклар ишлаш тартиби шунга ўхшаш тарзда ўзгаради.
Янги ихтиродан келажакда кимлар фойдаланиши мумкин?
Ишлаб чиқувчилар ушбу технология учун аллақачон патент олишга ариза топширган. Тадқиқот муаллифларининг таъкидлашича, келажакда махсус пайпоқлар инсонларга камроқ чарчаган ҳолда узоқроқ масофаларни босиб ўтишга ёрдам бериши мумкин.
Бундан ташқари, улар ҳаракатчанлик имкониятлари турлича бўлган кишилар учун сайр қилишни ҳам енгиллаштириши эҳтимол қилинмоқда.
Шу билан бирга, тадқиқот ҳозирча атиги 12 нафар иштирокчи билан ўтказилганини ҳисобга олиш лозим. Шу сабабли олинган натижалар дастлабки ҳисобланади. Янги пайпоқларнинг ҳақиқий самарадорлиги ва турли инсонларга таъсирини аниқлаш учун кенгроқ кўламдаги қўшимча синовлар талаб этилади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар
































Изоҳлар0
…