15:23 / 20.08.2017
5 905

Сургутдаги каллакесар ким?...

Сургутдаги каллакесар ким?...
19 август куни Россиянинг Сургут шаҳри марказида номаълум кимса ўткинчиларга қўлида пичоқ билан ташланган. Оқибатда саккиз киши оғир жароҳат олган. Уларнинг тўрт нафари ўта оғир аҳволда дея баҳоланган. Каллакесар полициячилар тарафидан отиб ўлдирилди. Орадан тўрт соат ўтиб эса, ушбу жиноятни дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» жангари каллакесарлар гуруҳи ўз зиммасига олди. Шунда бир савол туғилади. Ким эди қотил? Жангарими? Шериклари бормиди-йўқмиди?

Гувоҳлардан бирининг айтишича, 19 август куни маҳаллий вақт билан эрталаб соат 11 ларда у кафеда ўтирганди. Сал нарида гавдали, елкасига рюкзак осган йигит ҳам ўтирарди. Аммо у жуда безовта эди. Нимадандир асабийлашар, тез-тез кўчага қараб олишни канда қилмасди. Бир маҳал у даст ўрнидан турган-у, ташқарига отилиб чиққан ва «Северный» телемаркази тарафга чопа кетган. Қолган воқеаларни худди шу телеканал орқали кўрсатишди. Ўша елкасига рюкзак осган йигит телемарказ биноси ичкарисига кириб, йўлакнинг ўзида кийимларини алмаштирган.

Юзларига ниқоб тортган. Кейин эса йўлакка қандайдир суюқлик сепган-да, гугурт чақиб полга ташлаган. Бир зумда олов аланга олган. Йигит эса югурганча чиқиб кетган. Телеканалдагиларнинг айтишича, ўша пайтнинг ўзида унинг қўлида пичоқ бўлган. Чиқиб кетаётиб йўлида бир аёл пайдо бўлган. У ўша аёлга йўл-йўлакай тиғ зарбасини етказган. Аёл банкоматдан пластик карточкасидаги пулларни нақдлаштираётганди. Йигит тўхтамасдан «Аврора» кинотеатри тарафга югуриб кетган. Сал ўтгач, телемарказ биноси ичкарисидан қора тутун ташқарига ўрлай бошлади.

Қотил эса югуришдан тўхтамади. Йўлида яна етти кишини пичоқлашга улгурди. Уни полициячилар Ленин проспектидагина «қарши» олишди. Аммо у тўхташни истамади. Чамаси югуриш бўйича чемпион бўлса керак. Нима қилишсин? Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилоти ходимлари «чемпион»ни отиб ўлдиришга мажбур бўлишди.

Шаҳарда бу воқеадан сўнг ростакамига ваҳима кўтарилди. Одамлар кўчага чиқишга қўрқиб қолишганди. Сургут шаҳар мэри Вадим Шувалов имкон доирасида ижтимоий сайтлар орқали аҳолини тинчлантиришга уринди.

Тушдан кейин шаҳар кўчалари барибир бўшаб қолди. Бу ерда яшовчиларнинг гапига қараганда, ҳеч қачон кундузи Сургут кўчалари бўшаб қолмаганди. Одамлар террорчидан қўрққани учун ҳам уйда ўтиришни маъқул кўришибди. Дўконлар, кафелар, дорихоналар ёпиб қўйилди. Шу куни кеч соат 16: 00 да Сургутда амалга оширилган хунрезликни дунёда фаолияти тақиқланган «ИШИД» террор гуруҳи ўз зиммасига олгани ҳақида хабар беришди. Террорчи каллакесарлар назоратидаги «Amaq» агентлигидагилар Сургутда террор ҳаракати содир этган жангарини «ИШИД» аскари дея атади.

Кейинчалик масала янада ойдинлашди. Ҳалок бўлган террорчининг шахси аниқланибди. У Сургутда яшайдиган 1994 йил туғилган йигит эканини айтишди. Бахтга қарши орадан ҳеч қанча ўтмай, бу фикр инкор этилиб, террорчи ўрта осиёлик 23 ёшли Бобичел Абдураҳмонов экани ҳақида маълумот тарқатилди. Ярим соатдан кейин бу фикр ҳам рад этилди ва Сургутдаги террорчи доғистонлик 19 ёшли Артур Гажиев бўлгани айтилди.

Умуман олганда, каллакесарнинг ким ва қаерлик экани ҳеч кимга қизиқ эмас. Асосийси, у йўқ қилинди. Ишқилиб, ҳар бандани худди шундай офатлардан, каллакесарлардан, жангари ва худосизлардан Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сургутдаги каллакесар ким?...