11:00 / 11.09.2017
6 826

11 сентябрь воқеалари: энг қўрқинчли хунрезлик, геосиёсатда янги даврнинг бошланиши

11 сентябрь воқеалари: энг қўрқинчли хунрезлик, геосиёсатда янги даврнинг бошланиши
Дунёни даҳшатга солган 2001 йил 11 сентябрь воқеаларига роппа-роса 16 йил бўлди. Жаҳон ҳамжамияти ва халқаро ташкилотлар террор балоси нима ва унинг инсониятга бўлган хавфини англаб этишига шу воқеа сабаб бўлди, десак янглишмаган бўламиз.

Айнан шу куни АҚШда дунёдаги энг қўрқинчли террорчилик ҳаракати амалга оширилди. Бостон, Нью-Йорк ва Вашингтондан ҳавога кўтарилган 4 та йўловчи самолётларининг бошқарувини қўлга олган бир гуруҳ террорчилар Нью-Йорк шаҳрида жойлашган эгизак биноларга ва Виржиния штатида жойлашган мамлакат мудофаа вазирлигининг штаб квартираси — Пентагонга бориб урилди.

11 сентябрь тонги соат 08:00, Бостон шаҳридаги Логон халқаро аэропортидан Лос Анжелес томон ҳавога кўтарилган АҚШ ҳаво йўлларига тегишли Boeing 767-223ER русумли самолёт бортида бўлган 5 нафар террорчи томонидан бошқаруви қўлга олиниб, тонги соат 08:46 Жаҳон савдо марказига (эгизак бинолар) бориб урилди.

17 дақиқадан кейин “United Airlines”нинг 175-сонли самолёти Жаҳон савдо марказининг иккинчи биносига бориб урилади. Бу ҳолатни дунёдаги кўплаб мамлакатлар аҳолиси жонли томоша қилганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Қўрқув ва даҳшат ичида қолган дунё бу ҳолатни кузатишдан бошқа иложи йўқ эди.

Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай туриб, “American Airlines”га тегишли бўлган самолёт Виржиния штатида жойлашган мамлакат мудофаа вазирлигининг штаб квартираси — Пентагонга бориб урилди.

Дунёдаги энг кучли ҳарбий кучга эга бўлган АҚШ мудофааси бу ҳужумлардан ўзини ҳимоя қилолмаганлиги ҳаммани таажжублантирди.

Ана шу пайтда Пенсилвания яқинларида яна бир йўловчи самолёти ҳалокати ҳақида хабар берилди. Бу самолёт ҳам террорчи кучлар томонидан олиб қочилганлини ва у Вашингтон томон, аниқроғи Оқ Уй томон йўл олгани кейинчалик суриштирув натижасида маълум бўлди.

АҚШ президенти Жорж Буш бу пайтда Флорида штатидаги бир мактабда ўқувчиларига “Гуноҳ эчкиси” (A scapegoat) номли ҳикоя ўқиб бераётган эди...

Барча ҳужумлар натижасида, жами бўлиб 2996 киши ҳалок бўлганлиги маълум қилинди.

Бу ҳужумлар “Ал-Қоида” террорчилик ташкилоти раҳбари Усама бин Лодиннинг махсус топшириғи асосида амалга оширилганлиги таъкидланди.

Дунёнинг бир қанча давлатларига азият берган радикал ислом ҳаракати тарафдори бўлган “Ал-Қоида” ташкилоти тарихига тўхталиб ўтсак.

1979 йил СССР ҳукумати томонидан Афғонистонга ҳарбий кучларнинг киритилиши натижасида Афғонистонда СССР ва амалдаги ҳукуматга қарши бўлган кучлар “мужоҳидлар” номи остида қуролли кураш олиб борди.

1984 йилда Абдуллоҳ Аъзам ва Усама бин Лодин афғон “мужоҳид”ларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Мактаб ал-Хидмат”ни (Хизматлар буюроси) ташкил этади. Кейинчалик бу ташкилот негизида Усама бин Лодин 1988 йилда ўзининг террорчилик ташкилоти, яъни “ал-Қоида”ни тузади.

Бу ташкилот йиллар давомида айрим “қора кучлар” томонидан молиявий ва ҳарбий таъминот билан таъминлаб келинган. Бунда минтақадаги геосиёсий вазиятни назорат қилиб туриш каби мақсадлар кўзланган эди.

11 сентябрь воқеаларидан кейин АҚШ ҳукумати бин Лодин ҳақида берилган аниқ маълумотга икки миллион АҚШ доллари мукофот жорий этди.

Аммо бу каби уринишлар ўз самарасини бермади. “Ал-Қоида” етакчиси 2011 йилга қадар қўлга олиш ва йўқ қилишга қаратилган ҳаракатлар бекор кетди.

2011 йил 2 май куни Покистон Ислом Республикасининг Аботтаобод шаҳрида ўтказилган ҳарбий операция натижасида Усама бин Лодин ўлдирилди.

Айрим сиёсатчиларнинг фикрича, 11 сентябрь воқеалари сабаб дунёдаги сиёсий вазиятлар тубдан ўзгариб кетди. Бунга мисол тариқасида АҚШ ҳукумати воқеалардан бир ой кейин Афғонистонга ҳаводан ҳужум қилди.

2003 йилда Ироқ ҳукумати томонидан кимёвий ва биологик қуроллар ишлаб чиқилганлигини иддао қилиниб, Ироқ раҳбари Саддам Ҳусайин ҳокимиятини ағдариш мақсадида уруш эълон қилинди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, 11 сентябрь 2001 йилда содир бўлган террористик ҳужуми — XXI асрда инсоният учун янги муаммо ва зиддиятлар ҳақидаги хабарнинг бир “огоҳлик қўнғироғи” эди. Ушбу воқеа дунё геосиёсатида янги даврни бошлаб берди...

Манба: qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » 11 сентябрь воқеалари: энг қўрқинчли хунрезлик, геосиёсатда янги даврнинг бошланиши