07:56 / 27.10.2017
5 786

Очиқ океанда 5 ой қолиб кетган икки америкалик сайёҳ қутқарилди

Очиқ океанда 5 ой қолиб кетган икки америкалик сайёҳ қутқарилди
АҚШнинг USS Ashland десант кемаси Япониядан жанубий томон 1448 км узоқликда Тинч океанида 5 ой қолиб кетган икки америкалик аёлни қутқарди. Бу ҳақда АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг расмий хабарида маълум қилинди, деб ёзмоқда Кун.уз нашри.

Хабарда айтилишича, Япониянинг Сасебо шаҳрида жойлашган кема денгиз сайёҳлари Женифер Аппель ва Таша Фуиабани 25 октябрда қутқариб олган. Аёллар двигателлари ишламай қолган яхтада бўлишган.

"Мен денгизчиларга уларнинг ватанимизга хизматлари учун миннатдорман. Улар бизнинг ҳаётларни сақлаб қолишди. Уларни кўрганимизда фахр ва қувонч, енгиллик ҳис қилдик", деб айтган Женифер Аппель.

Кема бортида аёлларга керакли тиббий ёрдам кўрсатилган. Улар кемада яқин портга етиб борилгунча қолишади.

АҚШ денгизчилари яхта ҳақидаги маълумотни 24 октябрда Тайваннинг балиқ овловчи кемасидан олишган. Балиқчилар Гумма соҳилбўйи қўриқлаш хизмати билан, улар эса Тайвань ва Япониядаги қутқарув марказлари билан боғланишган. Сўнгра маълумот Гонолулуга етказилган. Яхтада аёллардан ташқари, яна иккита ит ҳам бўлган.

Аёлларнинг айтишларича, улар Гавайи оролларидан баҳорда саёҳатга жўнашган. 30 май куни уларнинг яхтаси двигатели ишдан чиққан. Аёллар елкан остида сузиш умидида йўлларини давом эттирганлар. Улар ҳар куни фалокат сигналини жўнатиб туришган, бироқ ҳеч ким уларни эшитмаган. Аппелнинг айтишича, улар сувни чучуклаштирувчи қурилма ва бир йилга етадиган озуқа – макарон, гуруч ва бошқа егуликлар захираси эвазига жон сақлашган.

2016 йилда шунга ўхшаш воқеа Филиппин соҳиллари яқинида юз берган. Ярим чўккан яхтада бир эркакнинг зўравонлик аломатлари бўлмаган мумиёга айланиб қолган жасади аниқланган. Аниқланишича, жасад немис яхтсмени Манфред Фриц Байоратга тегишли бўлган. Яхта топилишидан аввал бир неча ой давомида океанда ўз-ўзича сузиб юрган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Очиқ океанда 5 ой қолиб кетган икки америкалик сайёҳ қутқарилди