16:56 / 03.11.2017
22 332

Иккинчи жаҳон уруши юз бермаслиги мумкин экан, агар Гитлерни…

Иккинчи жаҳон уруши юз бермаслиги мумкин экан, агар Гитлерни…
Абердин университети профессори, Адолф Гитлер ҳаёти ва сиёсий фаолияти бўйича мутахассис Томас Вебер ҳозирга қадар тарихчилар учун номаълум бўлган ҳужжатни қўлга киритган. Гуардиан нашри берган хабарга кўра, Вебернинг топилмаси Гитлернинг сиёсий фаолиятида бурилиш ясалишининг асл сабабини тушунишга ёрдам беради.

Маълум бўлишича, 1919 йилда Адолф Гитлер Германия Социалистик партиясига аъзо бўлиш истагини билдиради. У партия нашриётига ташриф буюриб, партияга қарашли газета учун мақолалар ёзишни таклиф қилади. Аммо партия раҳбарияти унинг таклифини рад этган.

Мюнхендаги Тарих институти архивидан топилган ҳужжат Социалистик партия асосчиси ва ўша пайтдаги раҳбари Ҳанс Георг Грассингернинг кўрсатмаси бўлиб, унда қайд этилишича, Гитлер партияга аъзо бўлиш учун ташриф буюрган вақтда Грассингердан қарз ҳам сўраган.

Профессор Вебернинг айтишича, Германиянинг энг йирик партияси томонидан аъзолиги рад этилиши Гитлерни нацистлар партиясига қўшилишига сабаб бўлган. Тарихчи Гитлернинг социалистлар сафига кира олмагани унинг кейинги сиёсий фаолиятида ҳал қилувчи роль ўйнаганини айтади.

Агар Гитлер Социалистик партияга қабул қилинган тақдирда, у рақобат жуда кучли бўлган нуфузли партияда юқори даражага чиқа олмаслиги ва табиийки, иккинчи жаҳон уруши ҳам юз бермаслиги мумкин эди, деб ҳисоблайди Томас Вебер.

Германия Социалистик партияси 20 йиллар бошида нацистлардан кўра анча нуфузли бўлган ва ўша пайтдаги нацистлар етакчилари партияни социалистлар сафига қўшишни орзу қилганлар. Вебернинг фикрича, агар Гитлер Социалистик партияга қўшилган ва нацистлар социалистлар билан иттифоқчига айланганида, тарих бутунлай бошқача кўриниш олиши мумкин эди.

Социалистлар сафига қабул қилинмаган Адолф Гитлер нисбатан кучсиз бўлган нацистлар томонидан қабул қилинади. Ёш партияга эса янги етакчилар зарур эди. 1921 йилда эса бўлажак доҳий партия раҳбарига айланади. Аммо аламзада Гитлерда Социалистик партияга қарши нафрат шаклланиб қолган эди.

«Бу ҳамманинг назаридан қолиб кетган тарихдир. У Гитлернинг Германия Социалистик партиясига қарши нафратини охир-оқибат тушуниб олишимизда ёрдам берди. Агар Гитлернинг партия аъзолиги рад этилмаганда, нацистлар Германия Социалистик партияси таъсирида йўқ бўлиб кетган ва воқеалар бошқача йўналишда ривожланган бўларди», – дейди германиялик олим.

Томас Вебернинг Фашистлар Германиясига оид тадқиқотлари натижаси бўлган «Гитлернинг юзага чиқиши: Нацизмни қуриш» номли Оксфорд университети нашриётида яқин орада чоп этилиши кутилмоқда. Маълумот учун, 43 ёшли Томас Вебер Германиянинг ХХ асрдаги тарихи ва гитлершунослик бўйича етакчи мутахассис саналади. Аввалроқ олимнинг биринчи жаҳон урушида Гитлернинг иштирокига бағишланган иккита китоби нашр қилинган.

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Иккинчи жаҳон уруши юз бермаслиги мумкин экан, агар Гитлерни…