19:57 / 26.11.2017
8 089

Шимолий Корея армиясида хизмат қилиш қанчалик қийин?

Шимолий Корея армиясида хизмат қилиш қанчалик қийин?
2017 йилнинг 22 ноябрида ОАВда КХДР аскарининг чегара орқали Жанубий Кореяга қочиши акс этган видео кенг тарқалди. У ўз ҳамкасблари томонидан олти марта яраланиб, ҳалок бўлишига бир бахя қолди, бироқ ҳозир унинг ҳаёти хавф остида эмас.

Бу аскар билан юз берган ҳолат - биринчи бундай ҳолат эмас. 2009 йилда КХДРлик ҳарбий Ли Со Ён армияда 9 йиллик хизматдан сўнг мамлакатни тарк этишга муваффақ бўлди. Қизнинг сўзларига кўра, бу узоқ ва изтиробли йиллар бўлган. У ва шериклари нафақат оғир шароитларга, балки собиқ раҳбариятнинг зўравонлигига ҳам дош беришларига тўғри келган. Со Ён ҳикояси BBC томонидан ёзиб олинган. Мақола муаллифларининг таъкидлашича, улар собиқ ҳарбийга интервью учун пул тўлашмаган.

Қандай қилиб Со Ён армияга келиб қолди?

Собиқ ҳарбий КХДР шимолида университет профессори оиласида дунёга келган. Унинг аксарият эркак-қариндошлари армияда хизмат қилишган, шу боис у ҳам армия сафига қўшилишга қарор қилган. 1990-йилларда мамлакатда очлик ҳукм сура бошлагач, у кўнгиллилар сифатида армияга келиб қўшилган. 17 ёшли қизни армиядаги шароитлар жалб қилган - оддий фуқаролардан фарқли ўлароқ, аскарлар ҳар куни овқат билан таъминланган. Шу сабабли ҳам кўп аёллар армия сафида хизмат қилишган.

Дастлаб армия сафида хизмат қилиш Со Ёнга ёқди: у ҳатто ўз мамлакати учун фахр туйғусини ҳис қилди, тузукроқ овқатлана бошлади ва баъзан фендан фойдаланиш "бахти"га муяссар бўлди - бу эса КХДРда ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Эркаклар ва аёлларнинг армиядаги куни деярли бир схема бўйича борган. Аёлларда жисмоний машғулотлар эркакларга нисбатан бироз камроқ бўлган, бироқ улар ҳар куни казармани йиғиштириб, таом тайёрлашган. Эркаклар эса бу ишлардан озод бўлишган.

Со Ён армияга ўз хоҳиши билан борган бўлса (у 1992 йилдан 2001 йилгача хизмат қилган), 2015 йилдан бошлаб 18 ёшдан ошган барча қизлар учун ҳарбий хизмат мажбурий қилиб қўйилди. Бунга етти йил кетади, эркаклар эса камида уч йилга кўп хизмат қилишади. Махфий агентлар ва давлат раҳбарларининг тан соқчилари эса - 13 йил. Ҳарбий мажбуриятлардан фақат талабалар ва қобилиятли фуқаролар озод қилинади. Масалан, етук спортчи ёки мусиқачилар. Бу дунёдаги энг оғир ҳарбий хизмат шартларидир.

Хизмат шартлари
Со Ён тўққиз йил давомида икки қаватли каравотнинг пастки қаватида ухлаган, хонада 20дан зиёд аёл жойлашган бўлган. Ҳар бир ҳарбийга униформа учун қути берилган. Жавонлар устида икки сурат қўйилган бўлиб, булар КХДР асосчиси, марҳум Ким Ир Сен ва унинг ўғли Ким Чен Ирнинг суратлари бўлган.

Со Ён Шимолий Кореяни кўп йиллар илгари тарк этган, бироқ у ҳануз ўзи тонг оттирган хона ҳидини аниқ эслай олади. Казармалардаги барча матраслар тер ва ёқимсиз ҳидларни ўзига тортиб олувчи материалдан ишланган. Иссиқ сувнинг йўлиги сабаб ҳарбийларнинг ювиниши қийин эди. Боз устига, казарма маъмурияти тоғ сувлари оқимини сув қувури билан бирлаштирган бўлиб, баъзан у ердан қизларнинг устига қурбақалар ва илонлар "ёғиларди".

Стресс ва оғир шарт-шароитлар сабаб ярим йиллик хизматдан сўнг аксарият аёлларнинг соғлиғида жиддий муаммолар пайдо бўла бошларди. Ҳукумат бундай ҳолларда аёлларга енгиллик яратиш борасида камдан-кам қайғурарди.

Қишлоқ жойларда хизмат қилаётган аёл-аскарлар ҳар доим ҳам алоҳида ҳожатхоналардан фойдаланиш имконига эга бўлишмаган. Баъзан улар эркаклар билан бир хожатхонадан фойдаланишларига тўғри келарди. Бу эса жинсий тажовуз хавфини оширарди. Аёл-хизматчилар "Шимолий Корея 100 савол-жавобда" китоби муаллифи Жюльетт Морилло билан суҳбатда аксарият аёл-ҳарбийларнинг жинсий зўравонликка дуч келганини тан олишган. Шундай бўлса-да, ёзувчи шахсан суҳбатлашган аёлларнинг ўзи ҳеч қачон бундай воқеа қурбони бўлмаганини айтишган.

Со Ён ҳам шундай: унга тегажоғлиқ қилишмаган, лекин дугоналари билан шундай воқеалар юз берган. У айниқса взвод командирининг аёлларга нисбатан кўп марта жинсий зўравонлик ишлатганлигини таъкидлаган. Аёлнинг сўзларига кўра, бунинг натижасида ҳомиладор бўлган аёллар болани олдиришга мажбур бўлишган.

КХДРдан қочиш
Шимолий Кореядан қочганларнинг 70 фоизга яқини - аёллар. Уларнинг аксарияти 30 ёшдан ошган. Бу қисман ёшларнинг чегара дарёсини кечиб ўтиши ёки КХДР чегарасигача пиёда юриб чиқиши осонроқ экани билан изоҳланади.

Армия хизмати муддати тугаганидан кейин Со Ён бироз вақт оиласи билан бўлган, бироқ тинч аҳоли орасида ўз йўлини топа олмаган, янги шароитларга кўника олмаган. 2008 йилда қиз биринчи марта Жанубий Кореяга қочиш ҳақида ўйлаб қолган. У КХДРнинг Хитой билан чегарасини кечиб ўтишга уринган, бироқ уни қўлга олиб, бир йилга ахлоқни тузатиш лагерига йўллашган.

Иккинчи уриниш муваффақиятли тугалланган. Со Ён қамоқдан чиққанидан сўнг тез орада Хитой билан чегарани Туманная дарёси (қуйи қисмида Россия билан ҳам туташган) орқали кечиб ўтган. Қизни олдиндан гаплашилган агент кутиб олиб, уни Жанубий Кореяга олиб ўтган.

Шимолий Корея армияси ҳақида яна нималар маълум?

КХДР армиясида жами 7,7 миллион аскар хизмат қилади, аҳолининг умумий сони эса 25 миллионни ташкил қилади. Таққослаш учун, Россияда ҳарбий кучлар штати 1,9 миллион кишидан иборат. АҚШда 1 миллиондан сал кўпроқ киши мунтазам хизмат қилади.

КХДРнинг собиқ аскари Ким Хуннинг сўзларига кўра, ҳарбийлар олий раҳбариятнинг, шу жумладан давлат раҳбари Ким Чен Иннинг ҳар қандай буйруғига итоат қилишга ўргатилади. У гўёки аскарларнинг бахти ва фаровонлиги учун масъул олий раҳбар. Ҳарбий хизматчилардан исталган вақт "худкуш-террорчи" каби ўз ҳаётини қурбон қилишга тайёр туриш талаб этилади. Бу тактика мустақил дунёқараши шаклланмаган ёшларда яхши самара беради.

NK News нашри берган маълумотларга кўра, КХДР замонавий армиясининг асосий муаммоси - очлик. Махфий хизмат ҳарбийлари ваа бўлғуси тан соқчилар яхши таъминланади, бироқ оддий аскарлар озиқ-овқат етишмовчилигидан азият чекишади. Уларга кунига уч маҳал 2-3 та картошка ёки хом маккажўхори донлари берилади. Йилда бир марта янги ёзги кийим берилади. Қишки кийим эса - уч йилда бир марта.

Кўпчилик бундай шароитларга дош бера олмай, қочишга уринади ёки фермалардан егулик ўғирлай бошлайди. NK News суҳбатдоши ва собиқ КХДР аскарининг айтишича, баъзан офицерлар ўз қўл остидагиларига озиқ-овқат маҳсулотларини ўғирлашни буюришган. Аскар бунинг уддасидан чиқа олмаса, уни жазолашган.

Очлик туфайли ҳаддан ташқари ҳолдан тойган аскар уйига жўнатилади. Қариндош-уруғлар ҳарбийни яхши овқатланитириб, ғамхўрлик қилиб, ўзига келтиришади, кейин эса уни яна армияга олиб кетишади. Бироқ кўпинча организм бундай "юк"ни кўтара олмайди ва инсон ҳаётдан кўз юмади. Ким Хуннинг таъкидлашича, бундай фожиалар Шимолий Кореяда кўп кузатилади.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Шимолий Корея армиясида хизмат қилиш қанчалик қийин?