07:35 / 05.12.2017
4 998

Алишер Усмонов: "Мен ўз миссиямни Ўзбекистонга ёрдам беришда кўряпман"

Алишер Усмонов: "Мен ўз миссиямни Ўзбекистонга ёрдам беришда кўряпман"
Миллиардер Алишер Усмонов ўз ватани - Ўзбекистоннинг янги раҳбарига ташқи дунёга очилишга ёрдам бермоқда ва у "имкон қадар кўпроқ" Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритади. Бу Алишер Усмонов Ўзбекистоннинг етакчилари билан ҳамкорлигини тан олган илк интервьюдир, дейилади Kun.uz нашрида.

"Мен қўлимдан келганича Ўзбекистонга ёрдам беришга тайёрман ва шундай қиляпман ҳам, - деди Усмонов агентликка телефон орқали берган интервьюсида. - Менинг бугунги кундаги ролим - маслаҳатлашувлар, маслаҳатлашувлар ва хайрия лойиҳалари".

Ўзбекистонга қанча маблағ йўналтирмоқчи экани ҳақидаги саволга у "Қўлимдан келганича", деб жавоб берди.

У сармояларга батафсил тўхталмади, фақат гап орасида ўзи 49 фоиз акциясига эгалик қилувчи Россиянинг USM холдинг компанияси ва Ўзбекистоннинг металлургия заводи ўртасида алоқалар мустаҳкамланаётганини айтиб ўтди. Миллиардер бу алоқаларнинг қайси босқичда эканига ойдинлик киритмади.

64 ёшли Усмонов - Россиянинг бешинчи энг бадавлат кишиси. Forbes журналининг Россиядаги нашри унинг бойлигини 15,2 миллиард долларга баҳолаган.

"Ҳозирги раҳбарият амалга ошираётган молиявий ислоҳотларнинг дадиллигини жуда ҳурмат қиламан. Мен аксарият мамлакатларда бўлгани каби, бу 3-5 йил вақт олса керак деб ўйлагандим. Бироқ бу ерда вазият бир йилда ҳал бўлди", - деди ишбилармон.

"Авваллари Ўзбекистонга сармоя киритишдан ҳамма чўчирди, чунки даромадлар репатриацияси механизми йўқ эди. Бугун муаммо қонун нуқтаи назаридан деярли ҳал қилиб бўлинди. Бу Ўзбекистон учун улкан, илғор ислоҳотлар", - деди у.

Усмонов Ислом Каримов даврида Ўзбекистон ҳукумати билан алоқа ўрнатмаган. Ҳатто Шавкат Мирзиёев президент бўлганидан кейин ҳам, у Ўзбекистоннинг сиёсий ҳаётига дахлдорлигини рад этган, дейилади манбада.

Алишер Усмонов матбуот хизматининг ўтган йилнинг октябрида Reuters агентлигига маълум қилишича, бу мавзу бўйича гап-сўзлар ҳақиқатдан йироқ. Бироқ Усмонов Ўзбекистонга ёрдам беришга доим тайёр эканини айтган.

Усмонов ва янги президент ўртасида алоқалар ўрнатилди. Сентябрда Мирзиёев Нью-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида иштирок этиш учун "Усмонов" авиакомпаниясининг хусусий самолётидан фойдаланди.

Алишер Усмонов бу ҳақидаги саволга жавоб бераркан, шундай деди: "Мирзиёевнинг парвози масаласи ҳал қилинаётганида мен ўша ерда эдим. Бироқ парвознинг узоқ давом этиши туфайли бу ишни амалга ошира олувчи зарур тоифадаги самолёт йўқ эди. Мен ўз самолётимни бепул беришга тайёр эдим ва бундан бахтиёр ҳам бўлардим, бироқ Ўзбекистон бу иш фақат тижорий асосда амалга оширилишида қатъий турди ва шунга келишилди".

Зироатхон Мирзиёеванинг жияни Диёра, Алишер Усмоновнинг 2013 йилда автоҳалокатда ҳалок бўлган жияни Бобурнинг турмуш ўртоғи бўлгани ҳақидаги саволга шундай жавоб берилди: "Диёра энди жиянимнинг беваси эмас, у ҳозир бошқа бир инсоннинг умр йўлдоши ва мен унга бахт тилайман".

Шунингдек, Усмоновнинг сўзларига кўра, у Ўзбекистон ҳукумати билан ислом маданий меросининг марказлари бўлган Бухоро, Самарқанд ва Тошкент шаҳарларида тарихий масканларни қайта таъмирлашга доир лойиҳалар бўйича ишлаётганини маълум қилди.

Унинг айтишича, кўп мамлакатлар Ўзбекистонга сармоя киритишга ҳаракат қилади, бунинг учун уларнинг капитали ҳимояланишига кафолат берилиб, қулай инвестицион муҳит яратилса бўлгани.

"Бу президент ўз олдига қўйган вазифалар ва ўйлайманки, у бунга эришади. Мен имкон қадар уларга ёрдам бераман", - деди Усмонов.

У ўз юртдошлари, шу жумладан ўзбекистонликларни ватанининг гуллаб-яшнаши ва сиёсий жиҳатдан адолатли бўлишига ёрдам беришга чақирди.

"Мен ўз миссиямни шунда кўряпман, чунки бугунги нафақа ёшида қўлимдан келадигани - ёрдам бериш ва ўз тажрибам билан бўлишиш".

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Алишер Усмонов: "Мен ўз миссиямни Ўзбекистонга ёрдам беришда кўряпман"