13:15 / 21.01.2018
6 402

Ақтўбеда ёниб кетган автобус ҳайдовчисининг онаси Ўзбекистон халқидан кечирим сўради (Видео)

Ақтўбеда ёниб кетган автобус ҳайдовчисининг онаси Ўзбекистон халқидан кечирим сўради (Видео)
Қозоғистоннинг «31-канали» мухбирлари Ақтўбедаги автобус ёнғинидан омон қолган қозоғистонлик ҳайдовчилардан бири — Мақсат Пернебековнинг оиласи билан учрашди.

Қариндошлари Мақсат Пернебековнинг омон қолгани ҳақида телевизор орқали хабар топишган, шундан сўнг у билан боғланишган. Мақсат эса қўли ва боши куйганини айтган.

«Мен бутун Ўзбекистон халқидан, ҳалок бўлган йигитларнинг оналаридан кечирим сўрайман», — деди Мақсатнинг онаси Катира Жолболдиева кўзда ёш билан.

Пернебековнинг опаси фожиа рўй беришидан олдин Мақсат иккинчи ҳайдовчи билан рулни алмашганини айтади.

«У ухлаётган бўлган, бу вақтда автобусни шериги ҳайдаган. У воқеа қандай бўлганини билмайман, деди. «Мақсат, қутқариб қолишнинг иложи бўлмадими? Эшиклар очилмадими? Нега?», деб сўрадим. У бўлса: «Опача, мен билмайман, чиқдим ва автобус портлади», деди», — дейди у.

Қариндошларининг айтишича, Мақсат 52 ўзбекистонликнинг умрига зомин бўлган «Сетра» автобусини 4 йилдан бери ҳайдаб келарди. У бу автобусда кўп марта Қозонга борган, йўлни яхши билган. Сешанба куни улар Ўзбекистон фуқаролари бўлган 55 йўловчи билан бирга Россияга йўл олган. Йўлда Мақсад қаердалигини билдириш учун яқинларига видеохабар йўллаган. 3 соат ўтиб эса автобус Ирғиз тумани ҳудудида ёниб кетди ва 52 йўловчи ҳалок бўлди.

«Салом, қадрдонларим! Мана, Оролдан ўтдик, Ирғизгача яна 170 километр. Жуда совуқ, -40, балки -45 даражадир. Иккита куртка кийганман. Йўл музлаган. Мана, соатига 50 км тезликда кетяпмиз, радиатордаги ҳарорат эса 60 даража», — дейди Мақсат ўз видеомурожаатида.

Қариндошларнинг сўзларига кўра, Пернебеков ёлланма ҳайдовчи эди — «Сетра» автобуси эгаси унга ҳар рейс учун 60 минг танга пул тўлаган.

Турмуш ўртоғи Мақсат кўп вақтини автобусни таъмирлаш билан ўтказганини айтиб берди.

«Хўжайиним автобусни тез-тез таъмирлар эди. Автобус эгаси эримга харажатларни берарди. У бизникига келар, автобусни таъмирлаш ишлари кузатарди. Техник кўрик, суғурта ҳужжатларини автобус эгаси тайёрларди», — дейди Акнур Масанова.

Мухбир фожиадан омон қолган учинчи қозоғистонлик (у ҳам йўловчи бўлган), 41 ёшли Барат Танатовнинг рафиқаси Ойнур Танатова билан ҳам гаплашган. Ушбу аёл турмуш ўртоғи автомобиль харид қилиш учун Россияга кетганини айтиб берди.

«Кечқурун эримнинг ўзи менга телефон қилиб, ҳозир гаплаша олмаслиги, ҳаммасини кейин айтиб беришини айтди. Ҳозир унинг телефони ўчирилган», — дейди у.

18 январь куни Ақтўбеда ичидаги 52 ўзбекистонлик билан ёниб кетган «Сетра» автобуси 2,5 йилдан буён техник кўрикдан ўтмагани маълум бўлди. Шунингдек, унинг эгаси Ордухан Мехтиевда йўловчи ташиш учун лицензия бўлмаган.

Қозоғистон Ички ишлар вазири ўринбосари Ерлан Тургумбаев автобуснинг ёниб кетишига кавшар лампа сабаб бўлганини маълум қилди.

Ушбу версия омон қолганларнинг кўрсатмаси асосида тасдиқланган.

«Автобуснинг двигатели ўчиб қолганлиги ва машина ичи совуқ бўлганлиги сабаб ушбу кавшар лампадан иситгич сифатида фойдаланилган. У икки соатга яқин ишлаган ва табиийки газ-бензинли аралашма бутун салонни эгаллаган. Тасодифан бензин тўкиб юборилганида эса ёнғин юзага келган… Шу билан бирга, нохуш ҳодиса ЙТҲ ёки қандайдир жиноий ҳаракатлар орқали амалга оширилган деган версия тўлиқ чиқариб ташланди», — деган Тургумбаев.

Ушбу ҳодиса бўйича айни вақтда жиноий иш қўзғатилган. Ҳайдовчилар ҳамда фожиадан омон қолганлар тергов қилинмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ақтўбеда ёниб кетган автобус ҳайдовчисининг онаси Ўзбекистон халқидан кечирим сўради (Видео)