20:40 / 29.01.2018
4 116

Google ходимларининг сири: Жамоа фаолиятини қандай қилиб самарали йўлга қўйиш мумкин?

Google ходимларининг сири: Жамоа фаолиятини қандай қилиб самарали йўлга қўйиш мумкин?
Google тадқиқотчилари қандай йўл тутилса, жамоа фаолиятини самарали йўлга қўйишнинг уддасидан чиқилишини ўрганишга қарор қилишди. Улар шу йўналишда ўнлаб жамоалар ишини таҳлил қилиб чиқишди ҳамда юзлаб раҳбар ва ходимлар билан суҳбатлашишди. Охир-оқибат жамоа самарадорлиги учун асосийси — психологик хавфсизлик, деган қарорга келишди.

Психологик хавфсизлик даражаси юқори бўлган жамоада иштирокчилар таваккал қилишдан қўрқишмайди. Улар ўз хатосини тан олгани учун ҳеч ким камситмаслиги ва жазоламаслигини яхши билишади.

Жамоада ишонч бўлиши керак. Бироқ ишончли муҳитни яратиш осон иш эмас: ҳар бир ходим ўз нуқтаи назари ва ўз ишлаш услуби билан фарқланади. Жамоада ишончли муносабатларни ўрнатишга ёрдам берувчи бир неча стратегия inc.com'да тақдим этилди.

Бошқаларни тингланг

Жамоада ишонч ўрнатиш учун бошқаларнинг ўй-хаёллари ва ҳис-туйғуларига ҳурмат билан муносабатда бўлиш керак. Шунинг учун доим ҳамкасбларингизни тинглашга ҳаракат қилинг. Саволлар беринг ва жавобларини диққат билан тингланг. Ҳукм чиқаришга шошилманг. Сиз шу тариқа жамоанинг ҳар бир аъзосининг кучли ва заиф томонларини аниқлаб оласиз. Шу билан бирга, сиз учун уларнинг фикри муҳимлигини кўрсатасиз.

Хайрихоҳ бўлинг
Ҳамкасбларингиз ва уларнинг нуқтаи назарини тушунишга ҳаракат қилинг, ўзингизни уларнинг ўрнига қўйиб кўринг. Кўпинча улар бирор муаммоси билан бўлишганида ўзимизча "Ҳечқиси йўқ. Мен ҳам авваллари бунга дуч келганман", деб қўямиз. Ҳамкасбларингизнинг ҳис-туйғуларига бундай лоқайд бўлманг. Ўзингиз стрессга йўлиққан ёки бирор вазифани уддалай олмаган вазиятни эслаб кўринг ва хайрихоҳлик билдиринг.

Самимий бўлинг
Ҳамма самимий, ўзлигини намоён этишдан уялмайдиган инсонлар сари интилади. Бу доим ўз фикрлари ва ташвишлари билан бўлишиш кераклигини билдирмайди. Шунчаки ҳақиқатда дилингиздаги тилингизда бўлсин ва доим ўз тамойилларингизга содиқ қолинг.

Ибрат кўрсатинг
Сўзлар хатти-ҳаракатлар билан мустаҳкамланиши керак. Ишонч ва ростгўйлик ҳақида кўп гапиришингиз мумкин, лекин ҳамкасбларингизга бақириб, уларнинг фикрини ҳурмат қилмас экансиз, сўзларингизнинг заррача қадри бўлмайди.

Бошқаларга ёрдам беринг

Севимли раҳбарингизни ёдга олинг. Сиз учун унинг қаерда ўқигани ва нималарга эришгани эмас, қандай вазиятларда сизга ёрдам бергани муҳим, ахир. Ўзининг тирбанд жадвалидан бўш вақт топиб, сизни тинглаган, маслаҳат берган ёки қайсидир муаммо устида сиз билан бирга бош қотирган. Ишонч ана шу тарзда — биз бошқаларга ёрдам бераётганимизда юзага келади.

Жамоани қўллаб-қувватланг
Баъзан ҳатто жамоангиз фикрига қўшилмасангиз ҳам, уларнинг нуқтаи назарини қабул қилиш керак. Amazon раҳбари Жефф Безос шундай маслаҳат берган. Аввал ўз позициянгизга изоҳ беринг, шунда тўғри қарор чиқариш осон бўлади. Бироқ жамоага ишонсангиз, лойиҳани амалга ошириш йўлида тўсиқ бўлманг. Ҳамкасбларингизга тажриба орттириш ва ўсиш учун имкон беринг.

Келишишни ўрганинг
Бу ўз фикрингизда қатъий турмаслигингиз кераклигини билдирмайди. Шунчаки сиз ҳамма нарсани билмаслигингизни тан олинг. Бошқалардан янги билимларни ўзлаштиришга ва ноҳақ бўлган тақдирингизда узр сўрашга тайёр туринг.

Очиқ бўлинг

Жамоа раҳбари ишдаги сир-асрорлардан қолганларни воқиф қилмаса ёки ниманидир яширса, жуда ёмон. Сизнинг мақсад ва усулларингиз жамоанинг барча аъзолари учун тушунарли эканига ишонч ҳосил қилинг. Ишнинг муваффақиятли бажарилиши учун зарур бўлган барча маълумотларни уларга тақдим этинг.

Чин дилдан мақтанг

Ҳамкасблар сиз уларнинг ишини қадрлаётганингизни кўриб, янада кўпроқ ҳаракат қилгиси келади. Бироқ мақтовлар самимий ва аниқ бўлиши керак. Айнан нима ва нима учун сиз учун қадрли эканини очиқ баён қилишга одатланинг.

Ҳар бир инсон қандайдир бир иши учун эътирофга лойиқ. Инсонларнинг истеъдодини кўриб, мақтаб қўйишга ҳаракат қилинг. Шунда унинг бу фазилатларини янада яхшироқ кашф қилишга ёрдам берган бўласиз.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Google ходимларининг сири: Жамоа фаолиятини қандай қилиб самарали йўлга қўйиш мумкин?