12:15 / 20.02.2018
4 604

Қозоғистон ИИВ: Ақтўбеда ёниб кетган автобус техник носоз бўлган

Қозоғистон ИИВ: Ақтўбеда ёниб кетган автобус техник носоз бўлган
Қозоғистон ички ишлар вазири Калмуханбет Касимов Ақтўбе вилоятида 52 кишининг ўлимига олиб келган автобусдаги ёнғиннинг келиб чиқиш сабаблари ва тафсилотларини маълум қилди, деб ёзади Дарё нашри.

Тергов маълумотларига кўра, Чимкент—Самара автотрассасининг 1068-километрида автобус техник носозлик туфайли тўхтаб қолган. Бу ҳақда шошилинч хизматларга хабар берилмаган, йўловчилар хавфсизлиги чоралари кўрилмаган. Автобус ҳайдовчилари транспорт салонини кавшарлаш (паяльная) лампаси ёрдамида исита бошлаган, эҳтиётсизлик туфайли тўкилиб кетган бензин туфайли эса ёнғин юзага келган.

Вазирликнинг тергов департаменти томонидан 52 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўлими ҳолати бўйича Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 345-моддаси 4-қисми (Транспорт воситасини бошқараётган шахс томонидан эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши) ва 348-моддаси 4-қисми (Техник ҳолат учун масъул бўлган шахс томонидан эҳтиётсизлик туфайли икки ёки ундан ортиқ шахснинг ўлимига олиб келган транспорт воситаларининг сифатсиз таъмирланиши ёки техник носозлиги бўлган транспорт воситаларининг фойдаланишга чиқарилиши) бўйича жиноят ишлари очилган.

Айни пайтда автобус ҳайдовчилари М.Пернебеков, Н.Қирғизбоев ва Б.Танатов ҳибсга олиш эҳтиёт чораси кўрилган тарзда жиноий жавобгарликка тортилмоқда. Техник носоз автобуснинг қатновга чиқарилиши сабаблари, шароитлари ва асослари ўрганилади. Тергов тугаши билан чоралар кўрилиши учун хулосалар тегишли давлат ва ваколатли органларга тақдим этилади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон ИИВ: Ақтўбеда ёниб кетган автобус техник носоз бўлган