15:20 / 25.02.2018
4 061

Сиёсатшунос: «Қозоғистон миграция масалаларида Америка тажрибасини ўрганиши керак»

Сиёсатшунос: «Қозоғистон миграция масалаларида Америка тажрибасини ўрганиши керак»
Қозоғистон Бош прокуратурасининг Ҳуқуқий статистика ва махсус ҳисобга олиш қўмитаси раиси Багдат Мусин чет элликларнинг Қозоғистонда бўлиш тартибини танқид қилгани учун ижтимоий тармоқлар қаҳрамонига айланди. Бу ҳақда «365info.kz» сайти хабарига кўра Хабар нашри маълум қилади.

Гап шундаки, Қозоғистонда бўлиш муддати ниҳоясига етганидан сўнг чет элликлар бир кунга давлат ҳудудидан ташқарига чиқиб, қайтиб киргач яна 30-60 кунгача Қозоғистон ҳудудида бўлишлари мумкин. Бунинг учун улар 300-400 АҚШ доллари миқдорида харажат қилишади. Багдат Мусин ушбу жараённи соддалаштиришни таклиф этди.

«Давлатга расман белгиланган суммани (масалан, 100 АҚШ доллари) тўлаб, яна 30-60 кун давлатимизда қолаверишсин», — дея таклиф қилади у.

Юрист Сергей Уткин у билан ҳамфикр эканлигини айтган.

«Биз билан визасиз режим амал қиладиган давлат фуқароси йилнинг аксарият қисмини юртимизда ўтказадиган бўлса, уни ҳар икки ойда сарсон қилишнинг нима кераги бор? Аҳмоқона талаб бу», — дейди юрист.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ҳар икки ойда чегарани кесиб ўтиш «мажбуриятини» бутунлай бекор қилиши ёки бу режимни ўзгартириши лозим. Умуман олганда, ҳукумат нима учун айнан икки ойлик муддат белгиланганини асослаб бериши керак.

«Эҳтимол, бу божхона ходимлари учун текин даромад манбаидир, аммо буни расман тан олишни истамайдилар. Хўш, расмий сабаб нима? 100 доллар тўлаб мамлакатда қолиш муддатини узайтириш амалиётига келсак, бунинг ўрнига чет элликлар ҳар икки ойда бир марта миграция хизматига бориб рўйхатдан ўтиш амалиётини жорий қилиш зарур. Нима учун 100 доллар тўлаш кераклигини ҳам тушунмайман. Бу борада мен Мусиннинг фикрига қўшилмайман. Тўғри, коррупцияни камайтириш керак, аммо бунинг учун расмий тўлов жорий қилиш шарт эмас», — дейди Уткин.

Сиёсатшунос Султонбек Султонгалиевнинг сўзларига кўра, хорижий фуқаролар учун қонунларни ўзгартириш тўғрисидаги таклиф Багдат Мусиннинг шахсий фикри эканини эътиборга олиш керак. Демак, қандайдир қонунчилик ташаббусларини кутиш қийин.

«Шахсан мен бу таклифни ўз вақтида берилган ва зарур деб ҳисоблайман. Биринчидан, бу бизнинг мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга хизмат қилади, иккинчидан, Ички ишлар вазирлиги тузилмаларидаги коррупция даражасини камайтиришга ёрдам беради. Жаҳон амалиётида ҳам ишчи кучи ва сайёҳлар учун ҳаракатланиш тартибини соддалаштиришга интилиш кузатилаяпти», — дейди у.

«Менимча, Америка қонунчилигида виза масаласи энг мукаммал тартибга солинган: муддати бир йилдан уч йилгача бўлган виза тоифалари мавжуд. Бу борада Америка тажрибасини ўрганиш зарар қилмайди», — деб ҳисоблайди Султонгалиев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Сиёсатшунос: «Қозоғистон миграция масалаларида Америка тажрибасини ўрганиши керак»