21:38 / 26.03.2018
5 646

«Руслар ташқарига». Яна 5 давлат рўйхатда

«Руслар ташқарига». Яна 5 давлат рўйхатда
Бугун, 26 март куни Ғарб давлатлари бир вақтнинг ўзида россиялик дипломатларни ўз ҳудудларидан чиқариб юборишини маълум қила бошлади.

Бундай қарор Россия Разведка бошқармасининг Буюк Британия фойдасига ишлаган собиқ жосуси Сергей Скрипаль 4 март куни Англия жанубидаги Солсбери шаҳрида заҳарланиши ортидан юзага келган дипломатик можаро ортидан қабул қилинмоқда.

Буюк Британия Скрипаль заҳарланиши ортида Россия турганини иддао қилди, расмий Москва бу айбловга муносабат билдирмади, шу туфайли Буюк Британия Россияни ушбу суиқасдда айблаб, Россия ўз ҳудудида хавфли қурол қўллагани учун, 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилишини эълон қилди.

Бугун, Буюк Британияга бирдамлик сифатида АҚШ, Украина ва Европа Иттифоқининг 14 давлати россиялик дипломатларни ўз ҳудудидан чиқариб юборишини маълум қилди (бу давлатлар қаторида Германия, Франция, Дания, Нидерландия, Польша, Чехия, Эстония, Латвия, Литва, Швеция номлари саналди).

Айни вақтга келиб бу рўйхатдаги барча давлатларнинг номи маълум: рўйхат Руминия, Финляндия, Хорватия ва Италия билан тўлди.

Аввалига Руминия Россия элчисини ватанига қайтаришини маълум қилди. «Буюк Британияга бирдамлик билдириб, Вена конвенциясига амал қилган ҳолда Россия Федерациясининг Бухарестдаги элчихонасини уларнинг дипломатларидан бири Руминияда нон-грата шахс сифатида эълон қилингани ва у мамлакатни тарк этиши лозимлиги ҳақида хабардор қиламиз», — дейилган Руминия ТИВ хабарида.

Кўп ўтмасдан, Россиянинг шимолдаги қўшниси Финляндия ҳам россиялик бир дипломатга жавоб беришини маълум қилди.

«Республика президенти ва вазирлар маҳкамаси аниқлаб олдики, Финляндия Россиянинг Хельсинкидаги элчихонасида ишлаётган бир амалдорини дипломатик мақомдан маҳрум этади. Ташқи ишлар вазирлиги бу ҳақда россияликлар элчисини хабардор қилмоқда. Бу қарор Европа Иттифоқининг бошқа давлатлари ҳаракатларига ҳамоҳанг қабул қилинди», — дейилган ҳукумат баёнотида.

АҚШ ва Буюк Британиянинг яқин иттифоқчиси Канада ҳам россиялик дипломатларга жавоб берди.

«Биз Россия Федерациясининг Оттавадаги элчихонаси ва Монреалдаги бош консулхонадан 4 нафар россиялик дипломатни чиқариб юборамиз. Бу 4 киши разведка хизмати ходимлари бўлиши мумкин, улар Канададаги дипломатик мақомидан фойдаланиб, мамлакатимиз хавфсизлигига ва бизнинг демократиямизга таҳдид солиши мумкин», — дейилган Канада ТИВ хабарида.

Шунингдек, Хорватия ва Финляндия бир нафардан россиялик дипломатга чиқиш эшикларини кўрсатган.

Буюк Британия қўшиб ҳисобланганда, Россия дипломатларини ўз ҳудудидан чиқариб юборган давлатлар сони 18тани ташкил қилмоқда. Бутун дунё бўйлаб жами 106 нафар россиялик дипломат турли давлатларда нон-грата шахсга айланган ва ўз иш жойларини ташлаб, Россияга қайтиши талаб этилмоқда.

Буюк Британия — 23 дипломат; АҚШ — дипломатик миссиянинг 48 ходими ва БМТ миссиясининг 12 ходими; Украина — 13 дипломат; Франция — 4 дипломат; Польша — 4 дипломат; Канада — элчихона ва бош консулхонанинг 4 ходими; Литва — 3 дипломат, жумладан, 2 ҳарбий атташе; Дания — 2 дипломат; Италия — 2 дипломат; Нидерландия — 2 дипломат; Германия — 4 дипломат; Чехия — 3 дипломат; Эстония — ҳарбий атташе; Латвия — 1 дипломат ва «Аэрофлот»нинг бир ходими; Финляндия — 1 дипломат; Руминия — 1 дипломат; Хорватия — 1 дипломат.

Буюк Британиянинг Солсбери шаҳрида 4 март куни Британия фойдасига ишлаган собиқ жосус Сергей Скрипаль ва унинг қизи Юлия беҳуш ҳолда топилди. Буюк Британия ҳукумати бу суиқасд ортида Россия турганини маълум қилиб, Москвадан изоҳ сўради. Россия томони эса бу сўровни эътиборсиз қолдирди, шундан кейин, 14 март куни Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй 23 нафар россиялик дипломат чиқариб юборилишини эълон қилди. Россия бунга жавобан Буюк Британиянинг 23 нафар дипломатини ватанига қайтарди. Бир неча кун ўтиб эса Россияни ЕИ элчиси тарк этди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «Руслар ташқарига». Яна 5 давлат рўйхатда