15:25 / 09.04.2018
3 957

Россияда ўзбекистонлик 7 нафар мигрант терроризмда айбдор деб топилди

Россияда ўзбекистонлик 7 нафар мигрант терроризмда айбдор деб топилди
Россиянинг Самара шаҳрида Москва, Санкт-Петербург ва Екатеринбургда қатор терактларни амалга оширишга тайёргарлик кўрган ўзбекистонлик мигрантлар гуруҳи иши юзасидан суд жараёни якунланди. Улар ИШИД террорчилик гуруҳига алоқадорликда ҳам гумонланмоқда, деб ёзмоқда Kun.uz нашри.

Приволжск округ ҳарбий суди ёпиқ суд мажлисида Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқаролари бўлган етти кишини «терроризм», «қурол билан ноқонуний савдо қилиш», «портловчи моддаларни ноқонуний сақлаш»да айбдор деб топди. Улар 12 йилдан 17 йилгача бўлган муддатга қамалди. Суд жараёни якунлангани ва мигрантларга ҳукм чиқарилгани ҳақида судланувчилардан бири – Козим Абдуллажоновнинг адвокати Денис Гудков хабар берди. Унинг сўзларига кўра, судланувчиларнинг қариндошлари ҳамда адвокатлари ФХХ томонидан қўйилган айбловлар судда ўз исботини топмагани ҳақида маълум қилмоқда.

– Козимжон ва яна олти нафар судланувчи Екатеринбург шаҳрида фаолият кўрсатган ва «Карнавал» савдо марказини портлатиб юборишни режалаштирган ИШИД ячейкаси аъзолари бўлганликда айбланган. Бундан мақсад – Россия раҳбариятига Суриядаги ҳарбий амалиётини тўхтатиш мақсадида таъсир кўрсатиш бўлган. Бироқ энг бошидан ҳаммаси бир-бирига зид бўлди. Маълум бўлишича, Козимжон эрталабки соат олтида ўз квартирасида негадир курткада ўтирган, ФХХ ходимлари унинг ёнидан граната топишган. Энг кулгиси шундаки, яна икки судланувчи худди шундай тарзда қўлга олинди. Аввалига мигрантларнинг уйига тезкор ходимлар гуруҳи келган, улар гувоҳларсиз тинтув ўтказишган, кейин эса у ерга гувоҳлар билан терговчи етиб келган», - дейди Денис Гудков.

Денис Гудковнинг сўзларига кўра, ўзбекистонлик мигрантлар иши бўйича суд ёпиқ режимда ўтган. Судья адвокатларнинг тергов қонунларни бузган ҳолда ўтказилгани бўйича гапларини, шунингдек, судланувчиларнинг сўроқ чоғида қийноққа солинганлари бўйича баёнотларини эътиборга олмади, деди у.

Айблов хулосасига кўра, ўзбекистонлик мигрантлар Ўзбекистоннинг 34 ёшли фуқароси Зиёдулла Ибодов кўмагида портловчи қурилма ясашга уринишган, у, Россия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари маълумотига кўра, «Жабхот ан-Нусра» террорчилик гуруҳи аъзоси бўлган. Бундан ташқари, айблов хулосасида келтирилишича, ўзбекистонлик мигрантлар Сурияга 100 АҚШ доллари миқдорида пул юборишган.

Денис Гудковнинг айтишича, судланган ўзбекистонлик мигрантлар иши бўйича юқори турувчи инстанцияларга, хусусан, Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат этмоқчи.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россияда ўзбекистонлик 7 нафар мигрант терроризмда айбдор деб топилди