09:43 / 08.05.2018
4 370

Навбаҳор Имoмова: "Тошкентда журналистлар озод этилгани мисли кўрилмаган воқеа"

Навбаҳор Имoмова: "Тошкентда журналистлар озод этилгани мисли кўрилмаган воқеа"
Фото: «Халқ сўзи»
АҚШ ва Европа Иттифоқидаги халқаро ҳуқуқ ташкилотлари Ўзбекистонда конституциявий тузумга қарши жиноятларда айбланган икки журналист ва икки тадбиркор суд залидан озод этилганини тарихий воқеа, дея баҳоламоқда. Бу ҳақда «Америка овози» мухбири Навбаҳор Имoмова «Халқ сўзи» саҳифаларида фикр юритди.

Суд жараёнининг бошиданоқ очиқ кечгани, айбланувчилар диққат билан тинглангани, буларни Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам ёритгани, ижтимоий тармоқларда ҳамда жамоатчилик орасида кенг муҳокама қилингани ўтган бир ярим йил мобайнида Ўзбекистондаги ислоҳотлар самараси сифатида қабул қилиняпти.

Ўзбекистонда деярли чорак аср мобайнида конституциявий тузумга қарши ҳаракатда айбланган инсонлар аксарият ҳолларда оғир жазоларга маҳкум этилгани, маҳкама ёпиқ кечиб, жараён билан боғлиқ саволлар жавобсиз қолгани, айблов асоссиз экани ҳақидаги иддаолар тингланмагани, апелляция тартибида кўриб чиқилганида ҳам ҳукм ўзгармаганини ҳисобга олса, Абдуллаев ва унинг шериклари иши озодлик билан якун топгани мисли кўрилмаган ва кутилмаган янгиликдир.

Мана шундай таҳлилни Нью-Йоркдаги Human Rights Watch (HRW) ва Лондондаги Халқаро амнистия ташкилотларидан эшитар эканмиз, улар судланувчилар ўтган йилнинг кузидан бери ҳибсда ўтиргани, қийноққа солинганини айтгани ва уларнинг яқинлари ҳам бу давр мобайнида қўрқув ва босим ичида яшаганини қайд этади.

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар бирин-кетин озод этилганини кенг олқишлаб, «ислоҳотлар кўламини эркинлик даражасига қараб биламиз», дея эслатиб келмоқда. Бугунги янгилик ҳам Вашингтонда жуда илиқ кутиб олинган. Тошкентда ҳамманинг эътиборида турган жиноий иш ижобий якун топгани Шавкат Мирзиёевни Ғарб назарида реал ислоҳотлар қилаётган ва мамлакатини янги йўлдан олиб бораётган раҳбар сифатида кўрсатади.

Ўзбекистон яқинда АҚШнинг инсон ҳуқуқлари ҳақидаги йиллик ҳисоботида тарихда илк бор ижобий ўзгаришлар юз бераётган давлат сифатида тилга олинди. Лекин Давлат департаменти расмийлари фикрига кўра, ҳуқуқ ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида ҳали қилинадиган ишлар кўп.

Швециядаги Фуқаро эркинликлари ҳимоячилари ташкилоти, Франциядаги Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари уюшмаси, Бельгиядаги Инсон ҳуқуқлари учун халқаро ҳамкорлик ташкилоти ҳам Бобомурод Абдуллаев ва унинг шериклари озод этилганини олқишлаб, Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизими мустақиллигини мустаҳкамлаш бўйича ислоҳотлар жадаллашаверади, дея умид билдирмоқда.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Навбаҳор Имoмова: "Тошкентда журналистлар озод этилгани мисли кўрилмаган воқеа"