17:53 / 02.06.2018
4 325

Чархпалак дунё...

Чархпалак дунё...
Бу сафарги суҳбатдошим имом бўлиб, шундай ҳикоя қилади...

Мактабнинг бошланғич синфларда ўқиб юрган вақтларимда бир ўқитувчимиз бўлар эди. Унга нима ёмонлик қилганимни ҳеч эслолмайман, аммо негадир мени кўрса теппа сочи тик бўлиб, оғзидан тупук сочиб ўз-ўзидан сўкиб кетарди. Ўрта синфларга ўтганимизда бу одам бизга дарс бера бошлади. Мен аълочи ўқувчилар сирасига кирсам-да, бу телбанамо ўқитувчининг дарсидан фақат “3” олардим. Мени қийнаган нарса, бу аҳволнинг сабабини билмаслигим эди. Секин-секин ҳунарини кўрсата бошлади. Кунлардан бир кун менга одатича ўшқириб:

– Ҳей, сен! Тур ўрнингдан! – деди. Турдим. – Сенинг эскича дининг кучлими ё менинг физика, химия фанларимми? – деб, томдан тараша тушгандай савол берди. Нима деб жавоб беришни билмасдим.

– Айт! Айт! – деб бақирарди…

Кундан-кун менга нисбатан важоҳати кучая бошлади. Ҳатто ақлсиз телбалардай доим такрорлайдиган саволи ҳеч қулоғим остидан кетмайди:

– Мен сенга замонавий техникамдан, пушкаларимдан бомба отсам, сен Худоинга илтижо қилиб йиғласанг сени қутқарармикан-а!? – деб масхара қилиши тез-тез такрорланиб турарди.

Ҳақоратларининг орасида “сен Совет мактабида ўқишга, орамизда яшашга ҳаққинг йўқ” деган сўзлари мулзам қиларди…

Буларни айтаётганимнинг сабаби сизга тушунарсиз бўлаётгандир, “нега энди йигирма, ўттиз йиллар аввалги воқеаларни айтиб бераётибди?” деётгандирсиз. Сабабини кейинроқ айтай, бир оз сабр қиласиз.

Ўқитувчининг зуғуми борган сари кучайиб борди. Мен кун ора йиғламсираб волидамга арз қилардим. Онам эса, “ўғлим, иншааллоҳ шундай кунлар келадики, сени “саккиз қават кўрпачада ўлтирадиган домла” деётган ўша одам, сенинг пойингда ўлтиради” деб овунтирардилар…

Вақт ўтди, мактабдаги ўқишлар битди, институтга кирдим, динга бўлган эътибор мамлакатимизда ўзгарди, эркинлик бўлди, бу институтимни тамомлаб Ислом институтига имтиҳон топширдим, золим ўқитувчи ёдимдан ҳам чиқиб кетди…

Синфдошларимиз билан ора-орада кўришиб турдик, болалигимизни эсга олардик, шунда юрагимни ҳижил қилиб бир-бир “золим” эсимга келарди. Ўн йил ҳам зув этиб шамолдай ўтди-кетди. Ҳужжатларимиз қўлларимизга топширилди. Аввалига бир жомеъ масжидида хатиб бўлиб ишладим. Кейин шаҳар бош имом-хатиби бўлдим. Мажлислардан бирига мени таклиф қилишди, бордим, кун тартибидаги масалалардан бирида, фарзандига тарбия бераолмаган ота-оналар билан суҳбат эди. Нутқ навбати менга берилганда минбарга чиқдим. Залда менинг қаршимга фарзанди бир неча оғир жиноятларни содир этиб, маҳалладагиларга азият берган, қўшнилари у одамнинг кўчиб кетишини талаб қилинган одам ўтирарди. Ёши анчагинага бориб қолган, сочлари оппоқ, юзларига ажин тушган киши ерга қараб турарди. Танидим, ўша “Золим эсдалик”. Аллоҳ раҳматига ноил бўлгур волидамнинг бошимни силаб таскин берганлари ярқ этиб ёдимга тушди. Қўшнилари “кўчиб кет, маҳалламизда яшашга ҳаққинг йўқ” деб таланаётган танишим нажот излаганча менга мўлтираб:

– Ассалому алайкум, домла, – деб йиғларди...
Салим АЙЮБИЙ

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Чархпалак дунё...